Название | Алламжонов айбдор |
---|---|
Автор произведения | Комил Алламжонов |
Жанр | Биографии и Мемуары |
Серия | |
Издательство | Биографии и Мемуары |
Год выпуска | 2021 |
isbn |
МТРК аппарат студиясида «Солиқ хизмати» кўрсатувини ёзиб олиш жараёни.
Мен ўқимоқчи бўлган ЎзМУ журналистика факультетига кириш қийин, конкурс катта эди. Киришимга кўзим етмади, тинчгина Санъат институтининг режиссёрлик факультетига ҳужжат топшира қолдим. Режам оддий эди – бир йил ўқиб, кейин журфакка «перевод» қиламан. Ўқишга киришдан кўра кўчириш осонроқ. Ректорнинг менга муносабати жуда яхши эди, аммо иккита фандан куз-га қолдим. Биттасини-ку, курсдошим Дилмурод билан амалладик – баҳо қўйиб беришга домлани кўндирдик. Буям лекин осон бўлмади. Чунки худди шу одам мени деб декан ўринбосари лавозимидан олиб ташланган ва оддий ўқитувчи қилиб қўйилган эди. Мен унинг ичиб юришини ректорга чақиб берганман. Шунда ҳам домла менга ёрдам берди. Саҳна нутқи фанини эса «ёполмай» қолдим. Ўқитувчи опахон дам олишга кетибди. Шу фандан баҳо олмасам, ўқишни кўчириб бўлмас экан.
Сомсахонада ўртоғим билан «зачётка»ларимизга бирпас қараб ўтирдик. Мен сомсадан бир тишлаб, дафтарчага «уч» баҳони ўхшатиб чиздим. Сомсага қўшиб инсофниям еворганим йўқ, «беш» эмас, «уч» қўйдим, холос. Кейин ўртоғимга ҳам боплаб чизиб бердим. Ўзимизча, бу аёлнинг ҳам болалари бордир, бизни тўғри тушунса керак, тақдиримиз ҳал бўляпти-ку, келганида ҳаммасини очиқ айтиб берамиз, у бизни кечиради, дебмиз. Ҳужжатларни топширдик. Буёғига буйруқни кутиш қолди.
Иккинчи сентябрь куни опанинг олдига бордик. Гапни узоқдан бошладим: оилада ёлғиз ўғиллигим, ота-онам мени одам бўлсин деб, ТошДУга7 киришимни бир умр орзу қилгани…
– Нима демоқчисан? – сўради Хатира опа.
– Биз ўқишни кўчирмоқчи эдик. Сиз дам олишга кетган экансиз. Шунга, номингиздан ўзимизга «уч» баҳо қўйиб… Узр энди, опа…
Тўғрисини айтсам, Хатира опанинг бунчалик жаҳли чиқишини кутмагандим. Худди мен «зачётка»га баҳо эмас, васиятномасига қалбаки имзо қўйгандек, бирданига портлаб кетди.
– Бу нимаси, Комилжон? Ахир бу жиноят-ку! Ноқонуний иш қилгансиз!
Хатира опа гапиргани сайин нима қилиб қўйганимни, қалбаки «уч» арзимаган нарса эмаслигини тушуниб ета бошладим. У бизни ректорнинг ёнига судраб борди. «Агар бу икковини ҳозироқ институтдан ҳайдамасангиз, мен кетаман!» – деб шарт қўйди. Қаттиқ туриб олди. Чунки талабанинг, устига устак келажакда мафкурани белгилайдиган талабаларнинг ёлғонини кечириб бўлмайди. Шунча ялинсак ҳам, опа кўнмади. Икки оёғини бир этикка тиқволди. Пул ҳам, таниш-билиш ҳам ёрдам бермади.
Онамни чақиртириб, шартта: «Ўғлингиз институтдан ҳайдалди», – деб эълон қилишди. Ўша ернинг ўзида ҳушларидан кетиб қолмасинлар ишқилиб, деб қўрқиб турдим.
Ойим билан Космонавтлар хиёбонидан жимгина юриб кетяпмиз. Кайфият расво. Секин гап бош-
ладилар:
– Майли, Комилжон. Билдим, сендан катта одам чиқмас экан. Ўзи рабочийнинг