Название | Алламжонов айбдор |
---|---|
Автор произведения | Комил Алламжонов |
Жанр | Биографии и Мемуары |
Серия | |
Издательство | Биографии и Мемуары |
Год выпуска | 2021 |
isbn |
Бошида чипталар текин эди. Кейин ўйлаб қолдим. Биз дастур, ҳар битта саҳна, мусиқа устида ётволиб ишлаётган бўлсак, томошабинларга ёқаётган бўлса, нима учун концерт текин бўлиши керак?
Ташкилий ишларга, чипта, афишалар тайёрлашга пул тикиш керак. Ойимнинг олдиларига келдим. Улар: «Адангдан сўраб кўр», – дедилар. Аммо мен отамдан чўчирдим, айниқса, бу пулни нимага ишлатмоқчи эканимни айтишга қўрқдим. Онам менга ҳар доим ишонганлар. Йиғиб-терган ўн минг сўмларини қўлимга бердилар.
Чипта сотиб ўтиришни ўртоқларимга топширдим. Ҳеч қайсиси пул сўраб ота-онасини безовта қилмади. Бу ташкилотчининг, яъни менинг бош оғриғим эди. Ота-онам мени қўллаб-қувватлади.
Ҳомийлар билан ҳам ўзим келишдим. «Айлин» турк печеньеси мактабимиз ҳисоб рақамига 25 минг ўтказди. Мактаб директори шундан бир ярим минг сўмни овоз кучайтиргич – усилителга деб берди. Қолган пулни кўрмадим. Директор бизни чув туширди.
Яна бир ҳамкоримиз «Радио-пейдж»1 бўлди. Концертимиз ҳақида текинга эълон беришди. «Нестле» компанияси эса ўзининг зонтларини ўрнатиб, стаканда кофе тарқатди. Яна уч-тўртта ҳомийни кўндириш учун тижорат таклифи билан бутун шаҳарни айланиб чиқдим. Бошқа ҳеч ким рози бўлмади.
Равшан Собиров, Гули Толипованинг менежерларига, бошқа артистларга ҳам қўнғироқ қилиб, концертда чиқиб беришларини сўрадим. «Томсувоқ»қа кўндирдим.
Табиийки, мингта чипта сотолмадик, икки юзтаси кетди, холос. Ҳомийларнинг олдида шарманда бўлмаслик учун бўш жойларни меҳмонлар билан тўлдирдик. Меҳрибонлик уйи директорига илтимос қилиб, тарбияланувчиларини опкелтирдим.
Ҳамма йиғилди. Аммо… бирорта артист йўқ. Қўнғироқ қиламан, ҳеч қайсиси жавоб бермайди. Одамлар қарсак чала бошлади, орадан бир соат ўтди, биттасиям кела қолмайди.
Бир бало қилиб, эндигина танилаётган Даврон Эргашевни топдик, концертни шу бошлаб берди. Омадим чопиб, тадбирни олиб боришга профессионал бошловчи ҳам чиқиб қолди. Кейин Отабек Мадраҳимовга ўхшаб кетадиган бир йигитни кўрсатишди. Чироқлар ўчирилди, махсус эффектлар ёқилди, йигитчани саҳнага чиқариб юбордик, фонограмма остида «куйлади».
Викторина ўтказилди, «Нестле» кофелари тарқатилди. Хуллас, продюсер деган номимни оқладим.
Фақат кимдир «Нестле» зонтигини ўмариб кетибди. Ойимга қўнғироқ қилиб, шуниям етказишди. Ўрнига ўзларининг соябонларини кўтариб келибдилар. Йўқолган зонт эгалари матоҳлари қанчаям доллар туришини айтишди. Онам долларда олди-берди қилиб юрган бўлсалар ҳам майли экан.
Мен «Нестле» директоридан қарзимиздан кечишини ялиниб сўрадим. Ўшанда нега бизни кечирганини билмайман. Кўзига жудаям аянчли ва ростгўй кўринган бўлсам керак-да. Концертдан тушган фойдани ўртоғим ва шеригим Сардор билан совуриб юбордик. Энг зўр кўзойнак, кроссовкалар сотиб олиб, ўзимизни худди оммавий тадбирлар директорларидек тута бошладик.