Название | Алламжонов айбдор |
---|---|
Автор произведения | Комил Алламжонов |
Жанр | Биографии и Мемуары |
Серия | |
Издательство | Биографии и Мемуары |
Год выпуска | 2021 |
isbn |
У «Солиқ-инфо»га мажбурий обуна уюштирилганини қоралаб мақола ёзган ва тагида шундай изоҳ қолдирган эди: «Юртимизда «Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси бор-ку, яна битта газетага нима ҳожат?» Муаллиф фақат бир масалага аниқлик киритишни унутганди. «СБХ» – хусусий нашр. Бу газета ҳам у пайтга келиб, хўжалик ҳисобига ўтган «Правда Востока», «Халқ сўзи», «Постда» ва бошқа барча давлат нашрлари каби мажбурий обуна ҳисобига кун кўрарди. Республиканинг деярли 99% нашри мажбурий обуна орқали тарқатиларди. «Солиқ-инфо» улардан бири эди, холос. Лекин ҳамма «олқишлар» фақат менинг бошимга ёғилди. Ваҳоланки, мен қонунни бузмагандим. Қолган нашрларнинг эгалари бир чеккада мулойимгина бўлиб туришди. Ўша даврда ҳолат бундай эди: цензура кучли, сўз эркинлиги йўқ, газеталар ўқишли эмас, ҳеч ким сотиб олмайди. Лекин барча нашрларнинг ёпилиб кетишига ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун давлат ўзи бош-қош бўлиб, деярли барча газеталарга обунани ташкил қилиб берарди.
Шахсан мен буни нотўғри деб ҳисоблайман. Администрация раҳбари ўринбосари қилиб тайинланишим билан мажбурий обунага чек қўйиш ҳақида буйруқ бердим. Газеталарга рақамли технологиялардан фойдаланиб, дижитал маркетингга ўтишни ва бозор иқтисодиётига мослашишни таклиф этдим. «Солиқ-инфо»ни ҳам ёпдим.
2008 й.
«Солиқ-инфо» ўзи қандай пайдо бўлди? Парпиев бир неча марта «СБХ» газетасининг муассиси Михаил Маркович Перперга газетани тузукроқ чиқариш, сифатли қоғозда, рангларини тиниқ қилиб чоп этиш кераклигини гапирган. Ҳақиқатан, газетанинг қоғози ўта арзон, кўриниши талабга жавоб бермасди. Михаил Маркович ҳар сафар «хўп», деб яна ўз билганини қиларди. ДСқ раисига ёқмагани учунгина газетанинг таннархини оширишдан маъно йўқ, деб ҳисоблар эди.
Перпер раиснинг айтганини қилавермагач, Парпиев навбатдаги хизмат йиғилишида ҳамманинг ичида мендан: «Газета чиқариш қўлингдан келадими? – деб сўради. – Қоғози ҳам, босмаси ҳам сифатли бўлиши, фойдали маълумотлар билан бойитилиши керак.»
Албатта қўлимдан келади! Солиқ қўмитасида бир дунё маълумот бўлса! Бухгалтерлардан доимий саволлар келиб турар, солиқ инспекторлари уларнинг ҳар биттасига алоҳида ёзма жавоб беришарди. Бу жавоблар эса ҳамма учун фойдали эди.
Аммо битта муаммо чиқиб қолди. «СБХ»ни барча давлат ташкилотлари бухгалтерлари олишлари шарт эди. Бизнинг газета ҳам ўзини қоплаши учун обунани йўлга қўйишимизга тўғри келар экан.
– Ҳал қиламиз, – деди раис. – Асосийси, газетани яхши, фойдали, сифатли тайёрланг! ДСҚнинг расмий босма нашри бўлади.
Шу жойида бир гап айтай. «Солиқ-инфо»нинг ихтиёрий харидорлари ҳам кўп эди. Газета бухгалтерларга маъқул келди, уларнинг доимий иш қуролига айланди. Улар, яъни «Солиқ-инфо»га ўз хоҳиши би-лан обуна бўлганлар ҳақида ҳеч ким билмайди. Лекин ДСИнинг 1«обуна бўлиш шарт» деган қўнғироқларидан норозилар ҳамма ёққа шов-шув кўтарди.
Энг биринчи офисимиз ертўлада жойлашганди.