Название | Яшил кеча |
---|---|
Автор произведения | Рашод Нури Гунтекин |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-652-6 |
Софта бўйнини эгиб йиғлади:
– Мени қўллаб юборолмайсизми, афанди ҳазратлари?
Буюк ҳакам яна ҳалигиндай унга ачинганнамо кулимсираркан:
– Юра бошлаган фикрларни йўлдан қўйиш мумкин эмас, мулла, – деди.
– Яхшиси, сен бу ишни ўз ҳолига қўй. Ҳақ бир, Муҳаммад унинг расулидир, деб кетавер. Кўрасан нима бўлишини? Сен менинг ҳалиги сўзларимни ҳам эсингдан чиқарма. Мумкин бўлса е, ич… Меъда мамнун бўлса, димоғ ҳам мамнун бўлади. Зеҳнга порлоқ ишонч, қалбга бошқа бир кушойиш келади…
Шоҳин домла қўрқинчли бир нарсани эшитгандай:
– Эй, воҳ, – деди, – сиз ҳам моддиюн каби сўзлаяпсиз.
Кекса муаллиф яна кулди:
– Мулла, сен, аммо зийрак экансан, ҳа… Ўз сўзим билан мени тутиб олмоқчи бўляпсан-а?! Дарвоқе, моддиюннинг гаплари ичида ягона менга маъқул тушгани руҳ билан меъданинг муносабатига доир гаплардир. Ҳалиги айтганим каби е, ич. Ўз дунёингни заҳарлама… Шу ҳавога боқ… Уҳ… Уҳ… Яшамоқ ҳақиқатан тўйилгунча тотли бир нарса. Хўп, оқ йўл сенга, мулла… Тўхта-чи, яхшиси, сен билан Бейкўз почаси30 еб келай. Узоқ ердан йўл юриб келгансан ахир. Оч қолгандирсан.
Афанди ҳазратлари тўғри айтаётганди. Қадимий ўзанларда оқиб кетаркан, қандай бўлса-да йўлидан чиққан, тўғридан-тўғри бошқача яшай бошлаган фикрларни ҳеч бир нарса орқага ўгиролмасди.
Хасталик гоҳ оғирлашиб, гоҳ енгиллашгандай талай вақтгача давом этди ва Шоҳин афандининг эътиқоди узоқ бир жон талашишдан сўнгра – ёғи тамом бўлган бир қандил ёлқинидай сўниб кетди. Аммо аччиқ ва эски бир мотам хотирасидай қалбида чўкиб қолди.
Шоҳин афанди бугун бутунлай бошқа бир одам бўлгани ҳолда ҳамон қалбида бир нарсанинг билинар-билинмас оғриётганини ҳис этарди. Ҳовлининг атрофидаги хоналарга охирги марта боқар экан, ўзига ўзи:
– Бу ерга тушмаганимда балки бугун дунёга ҳеч зарар бермайдиган, соф бир эътиқодли, порлоқ ишончли, ғайратли, номусли бир деҳқон бўлардим, – дея ўйга толди. Кейин аста-секин мадрасадан ташқарига чиқди.
Шоҳин афанди эътиқодини йўқотгандан кейин мадрасада яшашдан, дарсларга қатнашдан азоблана бошлади.
Илк саналарда кичик тош ҳужрасини энг буюк Истанбул жомеларининг қандилларидан ҳам зиёда ёғду билан ёритган нурлар сўнган эди. Ўзини бир пайтлар чорасиз бир ҳукмга рози бўлган, ҳорғин бир таслимият билан ўлим соатини кутган бир қатл маҳкумига ўхшатди. Бу мадраса билан унинг маънавий бир алоқаси қолмагандай эди. Ортиқ дарс қилмас, мударрисларнинг сабоқ беришларидан толғин-толғин хаёлга берилар, ўртоқларидан қочар, шаҳар чегарасининг нарёғидаги қирларда, денгиз бўйларида ёлғиз ўзи айланиб юрарди.
Эскитдан кўнгил қўйган Пайғамбарлар тарихи ҳам ҳатто унга саҳифалари қуртлаб кетганидан ўқиб бўлмайдиган бир ҳолга келган кўҳна китобдай кўринарди.
Унинг аввалгидай дарс тайёрламай қўйганини кўрган мударрислар
30
Поча – қўйнинг калла-почаси демоқчи. Бейкўзда бу таом жуда усталик билан пиширилади.