Название | Яшил кеча |
---|---|
Автор произведения | Рашод Нури Гунтекин |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-652-6 |
Тўғри, мударрисларнинг орасида ўз ёғига қовурилиб юрадиган камтар одамлар ҳам бор эди. Бироқ замон жуда нозик эди у пайтда. Абдулҳамид истибдодининг энг қўрқинчли йиллари ҳукм сурган давр эди. Бечора одамлар ўз кўланкаларидан ҳам ҳуркардилар, ташқаридан кўра ичкаридаги уламо ўртоқларининг бир туҳматига дучор бўлишдан қўрқиб оғизларини очолмасдилар.
Шоҳин домла бу тоифадаги мударрисларга аввалига ачиниб юрди. Лекин кейинроқ бориб улардан ҳам совиди. Бу қадар мискинлик, бу қадар жон ва овқат қайғусида яшаш яшил қўшиннинг фидойиларига ярашадиган ишми? Бундай замонларда улардан кутилган нарса ҳар қандай зулмга, ҳар қандай ҳаракатга мискинларча бўйин эгиб, «Ҳа, майли!» дейишмиди?
Ёш софтадаги бу танқид саросимаси худди қаттиқ шамол эсгандаги ёнғин каби борган сари ортиб борар, пайғамбар тахтида ўтирган халифани ўрай бошлаганди.
Истанбулда ва хайр-садақага чиқиш мавсумида Онадўли, Румели22 қишлоқларини кезганида кўрган-эшитган нарсалари унга сарой ҳақида етарли фикр берганди. Маълум вақт ўтгач, у шундай ҳукм чиқардики, бутун бу фожианинг масъулияти, гуноҳи пайғамбар вакилига, яшил қўшиннинг золим, қўрқоқ бош қўмондонига алоқадордир.
Энди у мударрис ва уламоларга илгаридай айб қўймас эди. Айниқса, мадрасалардаги талабалар унинг кўзига буткул айбсиз кўринишарди. Ҳамма айб халифада эди.
Ёш софтадаги дунёқарашлар ва пухта фикрлар ҳақиқий инқилоб қилиш лозимлигини билдириб турарди. Агар у замонларда Абдулҳамидга қарши бир исён ҳаракати бошланиб қолгудай бўлса эди. Шоҳин ҳеч ўйланиб ўтирмай бу ҳаракатга қўшилган ва яшил байроқнинг кўланкаси остида жонини қурбон қилган бўларди.
Бироқ, бир неча йиллардан кейин машрутият23 инқилоби рўй берганда у мадрасадаги энг дангаса ва аблаҳ ўртоқлари каби кўпда ҳаяжон кўрсатмади. Айниқса, ўттиз биринчи март исёнига буткул лоқайдлик билан қаради. Чунки орадан ўтган бир неча йиллар ичида фикрлари ўзгарган ва инқилобга бўлган эътиқоди уни буткул ўзгача одам қилиб қўйган эди.
Шоҳин афанди хасталигининг биринчи давридан янада шиддатли ва аянчли ўтган иккинчи даврини ҳам қаттиқ алам билан хотирлай бошлади.
Ўша пайтгача бутун айбни айрим шахсларга юклаганди. Аҳолининг ахлоқи, эътиқоди бузилган эди, Истанбул завқдан ва ўйин-кулгидан бўлак ҳеч нарсани ўйламасди. Шундай катта мамлакатда астойдил, юрак-юракдан Оллоҳ дейдиган бирор кимса қолмаганди.
22
Онадўли – Туркиянинг Осиё қисми бўлса, Румели – Европа қисмидир.
23
Машрутият – конституцияли монархия.