Ҳар бир инсоннинг бармоғидаги чизиқлар ўзига хос бўлиб, бир-бирига ўхшаши учрамас экан. Дунёда шоирлар ҳам кўп, севиб ўқийдиган, дилда такрорлаб юрадиган шеърлар ҳам талайгина. Улар бир-биридан айро кўнгилларга нур каби илиқлик олиб киради, ҳаловат, таскин бахш этади. Ҳар бир шоирнинг ўз салоҳияти, ўз мавзуси, ўз услуби бор. Шу боис, сўз турфа рангларда жилоланиб, унинг жозибаси қалбларни мавжлантириб туради. Шеърни ўқиган сайин ўқигинг келаверади. Фахриддин Ҳайитнинг “Тонг тушлари” номли янги тўпламидан жой олган шеърларида инсон оламининг турфа тимсолини руҳан англагандек бўласиз. Гоҳ жўшқин, гоҳ ҳазин, гоҳ исёнли, гоҳ сокин ҳиссиётлар билан қалб манзилларига етасиз. Манзаралар, гўзал ташбеҳлар, севги ва соғинч, Ватан ва тасаввур, маъно ва руҳият, ҳаёт ва эрк, ҳаловат ва изтироб каби кўнгил кечинмалари мисраларда ўз аксини топган. Ҳар бир шеърда шоир ўз қарашларини, ўзи топган ечим ва хулосаларини тўла-тўкис беришга интилган. Ўзи англаган дунёни кўрсатиб бера олган. Ўйлаймизки, ижодкорнинг шеърлари Сиз азиз ўқувчининг кўнгил мулкингизга айланади.
Шеър ёзилганда эмас, шоир юрагидан туғилганда шеърдир. Таниқли шоира Фароғат Худойқулованинг шеърлари ана шундай юракдан туғилган шеърлардир. Шоиранинг ўзи ёзгани каби “Дарди пишиб-пишиб, кечроқ туғилган” шеърлари азиз китобхонлар кўнглида ҳам дард, ҳам шодлик бўлиб зоҳирланади.
Таниқли шоир, таржимон ва ношир Рауф Субҳон кейинги йилларда ёзган шеърлари, таржималарини ушбу китобига жамлаган. Шеърлар миллат қайғуси билан йўғрилган, унда одамлар меҳри, юрт келажаги куйланади. Илм йўлида адашмасликни истаган ижодкор ҳар бир қалбда оқибат чироғи порлаб туришини истайди ва шу йўлда тинимсиз изланади. Адабиёт дунёни тинчликда, гўзалликда, саломатликда, тозаликда сақлашига ишонади.
“Аллоҳ отга миндирганни бандаси тушира олмайди, деган гап бор. Вақт ҳар нарсага ҳакам. Вақтдан ютқизиш мумкин, аммо оқибат ҳамиша адолат, имон-эътиқод томонида бўлади. Оққан дарё оқмасдан қолмайди, вақти келгач йўлидаги сунъий ғовларни ювиб, оқишда давом этади. Таниқли драматург, миллий телеминиатюра асосчиларидан бири Алп Жамол асарларидан иборат ушбу тўпламни, замондошларининг хотираларини ўқир экансиз, ҳаётда юз бераётган, юз бериши мумкин бўлган ғайриахлоқий ҳодисаларга, одамлар, айниқса, ёшлар характеридаги камчилик ва нуқсонларга бефарқ бўлмаган, уларни ўзининг журъатли қаламидан тўкилаётган ҳажвий асарларида қиёмига етказиб ифодалаган ижодкорнинг мураккаб ҳаёт йўли, дунёқараши кўз ўнгингизда яққол намоён бўлади. Алп Жамол ижодининг аҳамияти ва таъсирчанлиги шундаки, телеминиатюра деб номланувчи митти спектаклллар, ҳажвиялар вақт сарҳадларидан ошиб, бугунги кунимизга – миллий-маънавий тарбия ишига ҳам хизмат қилмоқда.
Салима Умарова ўз қалами, ўз услубига эга ижодкор. Воқеликни турфа рангларда, турфа оҳангларда ифодалашга ҳаракат қилади. Мазкур тўпламдан жой олган асарларида замондошлар қиёфасига ёруғ чизгилар берилади. Шу куннинг нафаси ҳис этилади.
Таниқли шоир Салим Ашурнинг номи шеърият ихлосмандларига яхши таниш. Унинг “Мангу эл” китобида она Ватан, миллат, эл-юрт, ишқ-муҳаббат сингари азалий мавзулар қаламга олинган. Шоир ва давр кайфияти акс этган ушбу ҳазин шеърлар руҳига сингиб кетган янги оҳанг, янги ифода, янги талқин шеърхонни ҳайратлантиради, ўйга чўмдиради. Шеър кайфияти шеърхон кайфиятига кўчади. Эҳтимол, шеърнинг вазифаси ҳам шу бўлса керак.
Қўлингиздаги китоб отамнинг ўзбек, рус ва инглиз тилидаги шеърий тўплами бўлиб, Қирғизистон халқининг Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири ва Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг 80 йиллик юбилейига қилинган муносиб туҳфасидир. Машҳур қирғиз шоири, таржимони, кўплаб халқаро мукофотларнинг совриндори Раҳим Каримов отамнинг нафақат энг машҳур шеърларини, балки умрининг охирги ўн йил ичида ёзилган ижод маҳсулларини ҳам таржима қилган. Аминманки, муаллифнинг сўзи шу китоб орқали дунёнинг кўп халқларига етиб боради. Перед вами долгожданная книга переводов стихов моего отца на русский и английский языки. И это достойный подарок от народа Киргизии для всего нашего народа, который отмечает в этом году 80-летие Народного поэта, Героя Узбекистана, автора гимна Узбекистана Абдуллы Арипова. Всемирно известный киргизский поэт, писатель , журналист, лауреат многих международных премий, переводчик Рахим Каримов перевел его стихи на русский и английский языки. В этот сборник вошли в основном стихи не только самые известные, но и стихи, написанные отцом в последние десять лет его жизни. Я уверенна, что через эту книгу слово автора дойдет теперь до многих народов мира. Here is a long-awaited book of translations of my father’s poems into Russian and English. And this is a worthy gift from the people of Kyrgyzstan for all our people, who this year celebrates the 80th anniversary of the People’s Poet, hero of Uzbekistan, author of the Anthem of Uzbekistan Abdulla Aripov. The world famous Kyrgyz poet, writer, journalist, laureate of many international awards, translator Rakhim Karimov has translated his poems into Russian and English. This collection includes mainly poems not only the most famous, but also poems written by his father in the last ten years of his life. And I am sure that through this book the word of my father will now reach many peoples of the world.
ХХ асрда майдонга келган ва ўзбек адабиёти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган шоирлар орасида Ҳамид Олимжон (1909–1944) алоҳида ўринни эгаллайди. У нафақат туғма шоир, балки драматург, публицист, таржимон ва адабиётшунос олим ҳам бўлган. Ўзбек адабиётининг йирик ташкилотчиларидан бири Ҳамид Олимжоннинг қайноқ ижодий ҳаёти халққа фидойиларча хизмат қилишнинг, унинг бой оғзаки ва ёзма маданиятини эъзозлашнинг гўзал намунасидир. Шу маънода оташин шоир ва жамоат арбобининг сермазмун ҳаёти ва ижоди саҳифалари билан танишиш, айниқса, мустақиллик даврида туғилиб, улғайиб бораётган авлодлар учун мароқли бўлиши шубҳа уйғотмайди. Сиз, ҳурматли китобхонлар қўлидаги маърифий-биографик роман Ҳамид Олимжон замондошларининг хотиралари ва архив ҳужжатлари асосида ёзилган.
Азим пойтахт Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Навоий кўчасидаги ёнбошига «30» рақами зарб этилган бу муҳташам иморат ушбу китоб қаҳрамонидир. Эҳтимол, сиз, ҳеч замонда бино ҳам бадиий асар қаҳрамони бўлиши мумкинми, деб сўрарсиз. Лекин Санъат номли оқсоч момо қалъалар ва қўрғонлар, сарой ва қасрлар, масжиду мадрасалар, бутхонаю калисолар ҳақида оташин ҳарорат ва маҳорат билан битилган қанчадан-қанча гўзал асарларга доя бўлгани тарихдан яхши маълум. Лоақал «Биби Марям ибодатхонаси», «Садди Искандарий», «Иф қалъасининг маҳбуси», «Арбат болалари», «Дарё бўйидаги уй» каби асарларни эслаш кифоя. Шу маънода, Навоий – 30 ўз сиймосида ҳам қалъа, ҳам қўрғон, ҳам сарой, ҳам қасри олийга хос жамики белги-аломатларни мужассам этгани учун, ҳеч шубҳасиз, бадиий асарнинг тўлақонли қаҳрамони бўлишга мутлақо муносибдир. Муаллиф ва нашриёт китобда учраши мумкин бўлган айрим ўхшаш ҳолатлар тасодиф эканини қайд этади.