Adabiyot

Все книги издательства Adabiyot


    Манглайдаги ёзиқ

    Маъмура Зохидова

    Ушбу китобдан муаллифнинг учта қиссаси ўрин олган. Қиссаларнинг таг-моҳиятида миллатнинг ўзлиги, миллий қадриятлари аён кўриниб туради. Бир қарашда шунчаки ҳаёт манзаралари содда тил билан чизилгандек тасаввур берадиган бу асарларда ижодкор инсон қалби фожиалари, унинг қисмати, миллат дардлари, тилимиз оғриқлари, ундаги ўрнини тўлдириш мушкул бўлган йўқотишлар, таълим жараёнларидаги камчиликлар, одамлар орасида қадр-қиммат, оқибат, садоқат, эътибор кабиларнинг йўқолиб бораётгани кабиларни маҳорат билан акс эттиради. Ҳаёт қиёфаси чизгилари ортида қалбнинг чуқур изтиробларига олиб келган ҳодисаларни куюнчаклик ва элпарварлик, миллатпарварлик билан гавдалантиради. Эзгулик ва ҳушёрликдан бадиий оҳанглар орқали дарс берадиган ушбу китоб ўқувчиларда яхши таассурот қолдиришига умид билдирамиз.

    Шабнам соясида

    Уйғун Рўзиев

    Ушбу асарда тақдирнинг бутун зарбаларию ҳукмини сабртоқат, шукроналик билан қабул қилиб яшаган она ва қиз ҳаёти мисолида бутун бир мураккаб давр, зиддиятли характерлар, инсонларнинг шафқатсиз томошаталаблиги ёритиб берилади. Ялтироқ ҳою ҳаваслар ичида инсонийликнинг қандай йўқолиб кетиши ва унинг меҳр-муҳаббат туфайли қайтадан барпо бўлиши ҳақидаги ҳақиқат воқеалар ривожида англашилиб боради. Бахтли ва бахтсиз дамларда ҳам қалб асиллигини сақлаб қолиш қанчалар муҳим эканлиги ҳақидаги бу роман ўқувчиларда чуқур таассурот қолдиришига ишонамиз.

    Қўнғироқ

    Лола Ўроқова

    Ушбу тўпламдаги ҳикоялар илк сатрларидаёқ ўқувчини ўзига ром этади. Тасвирлар жонли ва тиниқ. Ёруғ инсоний дард билан йўғрилган. Китобхонлар кўнглида ҳаётга, эзгуликка, Ватанга муҳаббат, жаҳолат, худбинлик, разолат каби иллатларга нафрат уйғотади. Инсонларни покликка, юксак эътиқодга, баҳамжиҳатликка чорлайди.

    Қорабўри

    Нормурод Норқобилов

    Мувозанат бузилган ерда кураш вужудга келиб, эзгуликнинг иллатга қарши ҳаракатлари юзага қалқиб чиқади. Ўшанда унинг рангини янада теранроқ туя бошлайсиз. Умуман олганда, эзгуликнинг туси қанақа, у қайси рангларни ўзида жам этган? Сиз бу саволга таниқли ёзувчи Нормурод Норқобиловнинг ушбу китобидан жавоб топасиз. Адиб ўзининг мазкур китобга кирган асарларида бу азалий ва абадий ҳолатни ўта моҳирлик билан очиб берган.

    Сиз билган Дукчи Эшон

    Алиназар Эгамназаров

    Атоқли адиб, публицист Алиназар Эгамназаровнинг ушбу китобида ХХ аср бошларида мустамлака зулми остида бўлган юртимизда кечган сиёсий-ижтимоий, маърифий ҳаёт теран қаламга олинади. Улуғ аждодларимиздан бири, озодлик, эрк йўлида фидокорона кураш олиб борган Муҳаммадали халфа Собир ўғли, яъни Дукчи Эшоннинг бадиий сиймосини ёрқин акс эттиради. Асар драматик воқеаларга, таъсирчан лавҳаларга бой. Уларнинг ҳеч бири муҳтарам, талабчан ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз. Таниқли публицист Алиназар Эгамназаров “Ўзбекистон матбуоти” журналида эълон қилинган суҳбатларидан бирида ҳақиқий публицистикани айсбергга ўхшатади. Ёзиб эълон қилинган асар айсбергнинг сув юзасида кўриниб турадиган учи, дейиш мумкин, сув остида эса тоғдай меҳнат ётади, деганди. Журнал варианти дастлаб, 1993 йилда “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. “Сиз билган Дукчи Эшон” ҳужжатли қиссасини олайлик. Адиб бу қиссани ёзишдан аввал Тошкент ва Москвадаги архивларда ойлаб ишлаб, тарихчи олимлар билан фикрлашиб, қўзғалон ўчоғи бўлган Марҳамат ва Асака туманларида бўлиб, ўз ўлкасининг тарихини биладиган ўнлаб кекса инсонлар билан суҳбатлашиб, фактлар тўплаганди. Муаллиф бу ишни қисса дастлаб эълон қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилганидан кейин ҳам тўхтатмади. Ўқувчи асарнинг мазкур китобдаги варианти билан танишганда, у дастлабки вариантидан анча фарқ қилишини, асар янги фактлар, далиллар билан бойитилганлигини билиши мумкин. Ёзувчи китобдаги бошқа қисса ва очеркларни ёзганда ҳам ана шундай эринмай, синчковлик билан факт излашга ҳаракат қилган. Биз муаллифга соғлик-саломатлик, боқий умр ва ижодий зафарлар тилаймиз.

    Юраётган йўллар

    Турсун Али

    Турсун Али – руҳияти, диди, бадиияти баланд шоир. Унинг сатрлари кўнгилдан чиқиб кўнгилларга сафар қилади. Шеърларини ўқиганингизда ўзига хос ташбеҳлари, образлари, кўз олдингизда намоён бўлаверади. Оҳорли туйғулар қалбингизни ром этади. “Адиб ва жамият” рукни остида чоп этилаётган ушбу китобида шоирнинг янги шеър ва достонлари ҳам ўрин олган. Тўплам ҳақиқий шеърият мухлисларига муносиб туҳфа бўлишига ишонамиз.

    Клеопатра

    Али Муҳаммад

    Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти соҳиби, профессор Муҳаммад Али қаламига мансуб насрда Амир Темур ҳаёти ва даврига бағишланган тўрт томлик “Улуғ салтанат” эпопеяси, “Сарбадорлар” дилогияси, “Боқий дунё” шеърий романи, “Машраб”, “Гумбаздаги нур” достонлари, “Навоий ва Бойқаро” тарихиий драмаси, жаҳон адабиётидан қилган таржималари халқимиз орасида севиб ўқилади. Адиб яқинда халқимизнинг тарихий илдизларини ўрганишга қаратилган, Миср ҳаётидан олиб ёзилган янги “Клеопатра” тарихий романини оққа кўчирди. Қизиқарли сюжет чизиғига эга бу роман буюк миллий қаҳрамонимиз Спитамен авлоди бўлган, машҳури замон момомиз, милоддан аввал 69–30 йилларда яшаган Миср мамлакатининг сўнгги маликаси, гўзал ва қудратли аёл Клеопатранинг суронли ҳаётига бағишланган. Ширали тилда ёзилган романда қадимги Миср ва Рим манзаралари, ўша давр этник қатламлари ва халқлари ҳаёти кўринишлари, юнон афсоналари ўз аксини топган.

    Девон

    Огахий

    Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий нафақат Шарқ мумтоз сўз санъати, балки жаҳон адабиёти хазинасига ўз шеърлари, тарихий асарлари ва таржима китоблари билан муносиб ҳисса қўшган забардаст ўзбек шоирларидан ҳисобланади. Шарқ шеъриятининг деярли барча жанрларида маҳорат билан қалам тебратган серқирра ва сермаҳсул қалам соҳиби Огаҳий “Таъвиз улошиқин” девонининг тўлиқ ҳолда нашрга тайёрланган нусхасидан ўрин олган етук ғазал, рубоий, қитъа, мустазод, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, таржеъбандлар ўзининг шаклан гўзаллиги, мазмунан теранлиги, бадиий юксаклиги билан назм ихлосмандларига, маданият ва санъат аҳлига муносиб туҳфа бўлиши шубҳасиз.

    Гладиолус

    Маматқул Хазратқулов

    Ушбу китобдан романга тенг маъноларни жамлаган ҳикоялар, қиссалар ва самимий эсселар ўрин олган. Мавзулар ранг-баранглиги билан ўқувчини зериктирмайди, ифода услубига кўра эса осон тушунилади. Адолатсиз уруш фожиалари инсонлар тақдирида қандай из қолдириши моҳирона ёритилади. Замон талотўпларидан омон қолган инсонийлик, муҳаббат улуғланади. Эсселарда эса адиб ўзи кўрган, гаплашган, ҳаёти ва қалбини ҳис қилган инсонлар ҳақида холис ёза олган. Азиз китобхонга ёқимли мутолаа тилаймиз.