Название | Қасос ва муҳаббат |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-98-5 |
Келиннинг аҳволи эса ачинарли эди. Унинг чиройли кўзларида чуқур бир андуҳ, ақиқ лабларида аччиқ бир алам бор эди. Аммо пушаймон йўқ эди. Афсус йўқ эди. “Демак, ўшани севар экан”, деб ўйлади ўша заҳоти Марди. У ихтиёрий бир қизиқиш билан ўша Нозим исмли йигит кимлигини билишни жуда-жуда хоҳларди. Сўнг беихтиёр Лайло билан Элвинани қиёслаб кўришга уринди. “Элвина сени севармиди? Севса, нега ўқитувчидан ҳомиладор бўлади? Иложини тополмаганми? Олдиндан шикоят ёзса бўлмасмиди, менга “гуноҳ” қилишни таклиф этгунча…” Элвина ҳам беҳад келишган қиз эди. Аммо… Бу қиз ҳам Элвинага ўхшаб… ҳар қалай бошқа бир гап бор бу ерда. Лайло чолга тегаётган қизга ўхшамайди. Айни пайтда Марди уни кўрган дастлабки лаҳзаларда Элвинадан фарқламаган. Энди бўлса у ҳақда мутлақо бошқача фикр юритмоқда…Марди ётоғига ярим тунда етиб келди.Тун бўйи ухлолмади. Эрталаб туриб, Миртожига қўнғироқ қилиши керак. Нозимни топганини, манзилини айтиш керак. Аммо… Мардига шу иш малол келмоқда. “Барибир хуфя-айғоқчи бўлиб қоламан унақада”, деб ўйлади. Яхшиси, тополмаган киши бўлиб юравергани маъқул. Бугун кечқурун ресторанга бормайди. Нозим қўл телефонининг рақамини айтган. Қўнғироқ қилиб, “Ишим чиқиб қолди”, дейди. Аслида-ку… Нозимни қилган иши учун боплаб жазолаш фойдадан холи бўлмасди. Аммо…
МИРТОЖИБОЙНИНГ ЮРАГИ ЮМШАДИМИ?
Миртожибой бугун хурсанд. Ўғли Нуртожи кеча Германиядан даволанишдан қайтиб келди. Миртожи ўғлининг Қирғизистондаги табибда даволанишлари наф бермагач, чет элга юборишга қарор қилганди. Энди уни нисбатан соғлом дейиш мумкин. Олмон шифокорлари: “Агар бундан буён гиёҳванд модда истеъмол қилмай, буюрилган муолажа ҳамда парҳезга амал қилса, икки-уч йилда кўрмагандай бўлиб кетади”, дейишибди. Миртожибой ўғли билан қучоқлашиб кўришгач, чой устида “темирни иссиғида бос” қабилида дарҳол насиҳатни бошлади.
– Болам, энди ёш эмассан. Ўн етти ёшга қадам қўйдинг, эсингни йиғ. Яхши бир ўқишга киргизай. Диплом ол. Хоҳласанг, давлат хизматига киргизиб, катта лавозимларда ишлатаман. Хоҳласанг, ўзимизнинг фирмаю корхоналарни юргизиб, тадбиркорлик билан шуғуллан. Эсингни йиғ, ўғлим. У заҳри қотилни энди бутунлай унут…
– Унутишга ҳаракат қиляпман, – деди Нуртожи. – Ўзиям… мен билан бирга бошлаган “улфат”ларимдан учтаси… ўлибди.
– Ана кўрдингми, – деди Миртожи кўзидан ёш оқизиб. – Нашавандликнинг охири – ўлим… Мен шунча молу давлатни кимга деб йиққанман, ахир ҳаммаси сеники-ку. Истасанг… Париж, Лондонларда ўқитай… Истаган нарсангни муҳайё қиламан. Фақат бу дору иллатни энди зинҳор-базинҳор яқинингга йўлатма!
– Майли…
Кўп ўтмай, Миртожининг шоҳона ҳовлиси меҳмонга тўлди. Шаҳло куёви ва қайнотаси билан, Қўшоқбой ва хотини ҳамда бошқа ёру дўстлари “кўз ойдин” қилиб