Название | Қасос ва муҳаббат |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-98-5 |
– Менинг куёвим ҳам сенинг юртингдан. Юбораман, танишиб оласизлар, – деганди. “Куёв” Нозим экан. Буни тушунгач, Мардибойнинг фикр-хаёллари остин-устин бўлиб кетди. Ҳозир, шу лаҳзада тушунди: Лайло у ёқда, Нозим уни номардларча ташлаб қочган. Миртожибой Нозимнинг юриш-туришини назорат қилиб, чамаси инсофга келишини кутяпти. Шаштидан тушгач, қайтариб олиб кетади. Лайло уни яхши кўргани, ундан бошқа ҳеч кимни хоҳламагани учун шундай қиляпти. Айтишларича, Миртожибойнинг бир касалманд, ногирон ўғли, икки қизи бор. Лайло – эркаси. Бой отаси унинг айтганини муҳайё қилишга ўрганган. Эҳ Нозим, ношукур банда. Шундай қизни ташлаб, бу ерда қилиб юрган ишини қара… Аҳмоқ. Аҳмоқларнинг ҳар ерда омади келади. Бу ёққа келиб, бу ерда ҳам бойнинг куёви бўлиб олибди. Йўқ, аҳмоқ эмас у. Учар йигит. Бугунги суҳбатдан ҳам кўриниб турибди. Пихини ёрган. Шунинг учун иши мудом ўнгидан келади… Марди йўл-йўлакай хаёл суриб кетди.
Марди тасодифан “куёв” бўлиб тўйда ўтирган илк лаҳзаларда кўнглидан кечирган фикрларини эслаб, ўз-ўзидан уялиб кетди.
Ўша оқшом Қўшоқбой: “Холис хизмат қилиш керак, жигарим”, деб машинага ўтқазганида дастлаб қўрқди.
“Куёв сарполарни кийдириб, тўйда ўтқизиб, кейин… келинга қўшиб… ёки ўзимни алоҳида ўлдиртириб юборса-чи…” – деган таҳликали фикр келди. Яна кўнглига: “Э ака, қўйинг, мен бир етимман, бунақа ғурбатга рўпарў қилманг. Бошқа қанақа хизмат, қанақа меҳнат бўлса, қилайин…”
– Етим бўлсанг, янаям яхши, шу баҳонада бойнинг қизига уйланиб, хотинлик бўлиб қоласан, жигар, – деди Қўшоқбой. “Қизиқ… бойнинг қизи бўлса… нима учун кўчадан куёв қидириб юришибди?”
– Қўйинг ака, илтимос, мени… абгор қилманг, жон ака…
– Ҳой, галварс, ҳеч ким сени абгор қилмоқчи эмас, куёвнинг ўрнида бир соат ўтирасан-у, кетасан. Эвазига… қуруқ қўймаймиз.
– Куёвнинг ўзи қаерда?
– У ёғига сенинг ишинг бўлмасин, иним. Кейин… бугун қиладиган “холис хизмат” ҳақида ҳам ҳеч кимга чурқ этмайсан. Тушунарлими? Энди юр, бошимни қотирма!
“Эй Худо, қайси гуноҳим учун бу савдога гирифтор этмоқдасан? Ишқилиб, жувонмарг бўлиб кетмасам гўргайди”, дея ичида Тангрига илтижо қилди Марди. Шу он етимхонада, ҳали саккизинчи синфда ўқиб юрган чоғи юз берган бир воқеа эсига тушди-да, “ҳа-а ўша… гуноҳим учун жазолаяпсанми, ахир… ўшанда мен эмас, Элвинанинг ўзи мажбурлаганди-ку”, дея ёзғирди. Ҳамма болалар, айниқса юқори синфдагилар унга ошиқ эди.