Название | Қуёш ботаётган пайт |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-96-1 |
Шошганда лаббай топилмас, деганларидек, Милтиқбоевнинг тили ўлгур ҳам ҳадеганда айлана қолмасди. Умуман қиз болани, сенга сал-пал ёқадиган қизни тўсатдан кўчада учратиб қолсанг, манаман деган киши ҳам чайналиб қолиши турган гап. Бу ўзимизнинг бошимиздан ҳам ўтган.
– Айтгандай, Ойсифат, латифагўй отангиз – отамнинг ошнаси Ҳаким амак эсон-омон юрибдиларми, – деди Тошбўри эсига муҳим гап тушгандек. Шахматчиларда “ўйин билмасанг, пиёда сур” деган гап бор. Шунга ўхшаш тажрибасиз ошиқларда ҳам гап билмасанг, ҳол-аҳвол сўра, ота-она, қариндош-уруғнинг саломатлигидан бошлаб, сигир-бузоқ, эчки-улоқ сиҳатини, қозон-товоқнинг бутунлигию тўлалигини суриштир, деган маслаҳатомуз нақл юради.
Шўрлик Ойсифатгина-я! Отасининг аҳволини билса, ҳозир бошида ўтириб, дардига дармон бўлмасмиди? Тақдири азал шунчалар чигалки, у бечора хотиржам, кулиб жавоб қайтарди:
– Шукр, соғ-саломат юрибди.
– Хўп ажойиб киши-да, отангиз! Суҳбатини бир эшитган одам яна эшитсам дейди.
Ойсифат отасининг таърифидан ғурурланган киши бўлиб деди:
– Бизнинг ота шунақа!
– Бўлажак ҳоким укангиз Тўхтарбой нечук, раҳбарлик санъати синоатларини қунт билан эгалламоқдами?
– Ҳа, унга Европа тарихида ўчмас из қолдирган муаррих ва сиёсат арбоблари Макиавелли, Талейран, Мирабо асарларининг французча нашрларини ўқишни ўргатяпман,–деди Ойсифатхоним бўш келмасдан.
– Яқинда китоб дўконидан ўзимизнинг Шарқ мутафаккирларидан бири Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” деган асарини олдим, бераман ўшаниям ўқисин. Муҳтарам падари бузрукворингиз ҳам хатм этсалар, зарар қилмайди, у киши ҳам мутолаага берилган-ку. Тўғрими?
– Тўғри…
Бу ўринда, ие, бу Милтиқбоев тушмагур Ҳаким довдир оиласи билан шу қадар яқин таниш экан-да, деган ҳайратомуз саволнинг туғилиши табиий.
Ҳа-да! Таниш-да! Таниш бўлгандаям қандай таниш денг. У ёғи тоза қизиқ!
Қизиқликка-ку жудаям қизиқ. Лекин биров ўламан деса-ю, биров куламан деса. Буёғи қандай бўлади?
Ҳаким довдир дўхтирхонада чангак бўлиб ётган бир лаҳзада унинг кулгили ишлари ҳақида гапириб ўтириш одамгарчиликдан бўлмаса керак-ов! Инчунин биз ундай қилмаймиз, унинг ўзи боя оғриқни енгиш учун кўкайидан ўтказган масрур кечинмалар тасвирини берамиз холос.
10
Айни баҳор. Яйлов тўла қўй-қўзи. Майсанинг ҳиди кишини маст қилади. Қўзичалар дуркун бўлиб қолган. Қўзигул деган майса бўлади яйловда. Ана ўшани қўзичалар куртиллатиб узиб-узиб ейди. Бир айланиб онасини эмади. Чўккалаб олиб онасининг эмчагини тумшуқчаси билан нуқиб-нуқиб эмишларини айтинг. Онасининг ийиб туриши, қўзичасининг қуйруғини ялаши-чи!
Ҳаким довдир кигиз чакмонини тўшаб, ёнбошлаб ана шу манзарани