Қуёш ботаётган пайт. Хабиб Темиров

Читать онлайн.
Название Қуёш ботаётган пайт
Автор произведения Хабиб Темиров
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-577-96-1



Скачать книгу

ва сурункали хилига чалинган хаста бир кас. Лекин буни ўзи билмайди, билса ҳам парво қилмайди. Ҳар кун, ҳар қадамда, ҳар бир ишда раҳбарлик қилишга уринади, тўй-маъраками, ҳашарми, ҳар қандай тадбирда дарров қозоннинг бошида туришга интилади. Кечқурунлари моллар подадан қайтар маҳали у қишлоқ ўртасидаги чимзор сайхонликка йиғилган болаларни тўплаб, “Қилич бобо соврини” учун кураштиради, “ғолиб”ларни ўн-ўн беш сўм бериб сийлайди. Бу гаштли машғулот болаларга ҳам ёқарди. Шунинг учун кун оғди дегунча улар подаётоққа тўпланишиб, Қилич кўсани кутишарди. “Қилич бобо соврини” соҳиблиги улар учун юксак шараф ҳисобланарди. Кўсанинг бола-бақрани йиғиштириб “чиниқтираётгани”ни кўпчилик маъқуллашарди. Чунки Чашмизирак азалдан номдор полвонлар унибўсган жой.

      Қилич кўсанинг бу иши фақат Ҳаким чўпонга ёқмасди. “Бу йигитларни тишлаштириб ҳузур қилади, чиниққани билан нима иши бор, чиниқтирмоқчи бўлса, тенги билан, қоида асосида олиштирсин-да,” дерди. Чиндан ҳам кўса болаларни олиштирар экан, қайсиси неча ёшдалигига қарамас, бирор бир қоидага риоя қилишни талаб этмасди. Рақибингни йиқитсанг бўлди, чаласанми, оёғидан кўтарасанми, ғирромлик қиласанми, ихтиёринг. “Ахир, йигит деган шунақасига пишийди-да!” дея гувраниб қўярди.

      Бир гал Нурқобил Бойқувват билан олишди. Иккови тир келди. Бир-бировини кўп айлантирди. Лекин курагини ерга тегизолмади. Икковлариям ёқавайрон бўлишиб, бурнилари қонаб кетди, тиззалари шилинди. Лекин кўса уларни ажратмасди. “Ҳа, ҳа, бўш келма, у ёғига айлантир, бўксага ол, тўпиққа илдир!” деб қийқирарди у. Икки муштдек боланинг жўжахўрозлардек чўқишишидан аллақандай ҳузур оларди гўё. Тўғрилигига кафолат беролмаймиз-у, айрим кўрганларнинг, ёниб гапирадиганларнинг “ўлай агар”, дея қасам ичиб гувоҳлик беришларича, кўса қўй эмас-у, ҳўкиз сўйдирган чоғларида қассобга: “ҳеч ким билмасин”, деб тайинларкан-у, ўша новвоснинг қонидан битта шокосани лиммо-лим тўлдириб, сипқорвораркан.

      Ўшанда Ҳаким довдир келиб ажратмаса, икки бола бир-бирини қонга белаб, майиб қилиши турган гап эди. У “полвон”ларнинг икковиниям елкасига дўстона уриб “яшанглар” деб қўйди. Кейин Қиличбойга ўгирилиб пичинг қилди.

      – Хўроз чўқиштириб, ит тишлаттириб, қўчқор шохлаштириб, ҳатто туя уриштириб ҳузур қилган одамларни кўп кўрганман. Лекин одам ёқалаштириб мазза қиладиган кимсани энди кўришим. Қўйинг, ака, бунақа ишларни!

      Филҳақиқат, Нуробод томонларда азал-азалдан тўйларда кўпкари, курашдан ташқари хўроз, ит, қўчқор, туя уриштириш сингари дафъи савдолар бўлган. Замоннинг зайли билан аксарияти русмдан қолиб кетган. Чунки уларда қоидага риоя этилмаган. Чунки башарият ёввойиликдан узоқлашгани сари қонун ва қоидаларнинг аҳамиятини тушуниб борган.

      – Э, чўпон! Сен бунинг маънисини қайдан билардинг. Ҳайда, тошингни тер. Сен қолувдинг ақл ўргатмаган. Овсар. Жўна, жўна!

      Довдир у билан пачакилашиб ўтирмади. Зеро, кўса билан гап талашиб ютиш қийин. У қишлоқнинг “энг бой, бинобарин оғзи катта, қўли узун авлодларидан”.