АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ

Читать онлайн.
Название АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб
Автор произведения РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn



Скачать книгу

ўзига юклатилган масъулиятни чуқурроқ ҳис қиларди. Ҳусайнга кун-бакун янги-янги талаблар қўя бошлади. Бола устозининг сўзларини хотирасига қўрғошиндек қуйиб оларди. Ой эмас, кун сайин билими мукаммаллашиб борди. Ҳар сафар сабоқ якунида ўйлаб юрган саволларини беради.

      – Устоз, одамлар имлони қачон ўрганганлар? – деб қолди бир куни.

      Абдулваҳҳоб Ҳусайнга ажабланиб қаради. У ихлос қўйган устозига иштиёқ билан термулиб турарди. Бу саволга сарбаст жавоб бермоқ мушкул. Рад этмоқ эса устозлик мақомига муносиб эмас.

      – Қадимдан, жуда қадимдан ўрганганлар, – деди. – Минг йиллар аввал.

      – Минг йил?

      – Ҳа.

      – Бу жуда кўпми?

      Шундагина Абдулваҳҳоб ибн Али шогирдининг ҳали бола эканини эслади. Ахир, у ҳисоб илмидан сабоқ олмаган.

      – Жуда-жуда кўп, – деди бўшашиб.

      – Ўшанда ҳам шундай имло бўлганми?

      – Мен ундай демадим, – Абдулваҳҳоб бир муддат тараддудланди. – Билсанг, Ҳусайн, қачонлардир қоғоз ҳам, китоб ҳам бўлмаган, – у Ҳусайннинг олдидаги лавҳга ишора қилди. – Аммо одамлар, улар бизнинг ўтмиш аждодларимиз, кўнгилларида яралган туйғуларини ифода этмоқни жуда-жуда исташган. Ҳатто тошларга ҳам хат битганлар. Оламда имлоларнинг тури бисёр. Масалан, Юнонистонда9 араб ҳарфида эмас, ўзгача имлода ёзадилар.

      – Юнонистон?

      – Ҳа, Юнонистон. Устози аввал Арасту ҳакимнинг Ватани, – Абдулваҳҳоб Ҳусайнга қараб қўйди. – Юнонистон Бухородан жуда-жуда йироқдаги ғаройиб юрт. Мавжланиб турган уммондан ўтиб борурлар.

      Ҳусайн устозига ҳавас билан тикилди. Абдулваҳҳоб эса кичкина шогирди оддий бола эмаслиги, бу ўзига жуда катта масъулият юклашини аллақачон тушунганди. Ҳусайн устозининг ҳар бир сўзини хотирасида сақлаб, қурби етганча таҳлил қилади. Абдулваҳҳоб буни билгани учун, шогирдига уламолар талаб қилган жавобни уқтирди:

      – Сендин сўрсалар, биринчи хат ёзган Одам аллайҳиссаломдир, демоғинг лозим. Ул зотга ёзув таълимини берган Аллоҳ Роббул иззадир. Қуръони каримнинг Бақара сурасида, Аллоҳ Одамга барча номларни ўргатди, деб марҳамат қилинган.

      Абдулваҳҳоб ибн Али ҳафта давомида дарс ўтиб кетади. Бўш пайтларида Ҳусайннинг ўзи сабоғини такрорлаши лозим. Буни у чин дилдан, ихлос билан бажаради. Устози кун сайин ёш шогирдидаги фавқулодда иқтидорнинг янги-янги қирраларини кашф этарди. Шундан сўнг машғулотларни икки қисмга бўлди. Сабоқнинг биринчи қисмида қироат билан машғул бўладилар. Кейинги дарс эса ёзув машқига бағишланади. Шогирди тез орада ҳуснихатда ҳам илғорлаб кетди.

      Ҳусайн бутун вужуди билан, шиддатли шамол каби илм оламига кириб борарди. Тенгдошлари ўйин-кулгига берилган паллада унинг фикр-ўйи илм олишда бўлди. Орадан бир йил ўтгач, устози Қуръон тафсири10 сабоғини бошлаб юборди. Бу машғулотларда ҳам Ҳусайннинг ютуқлари лол қоларли бўлди. У Қуръони карим сураларини жуда тез ёд олиб, тафсирларини ўзлаштирди.

      Абдулваҳҳоб ибн Али ўзини Бухоронинг билимдон йигитларидан ҳисобларди. Турфа фанларда илғор бўлгани боисдан ҳали сабийлик давридаги шогирдини босқичма-босқич