Название | АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб |
---|---|
Автор произведения | РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Арасту “Поэтика”сида ёзишича, бадиий асарда оддий, жўн одамлар ва дуч келган воқеалар эмас, балки ажойиб-ғаройиб воқеалар ва ажойиб инсонлар тасвирланса китобхонларга кучли таъсир кўрсатади. Шу каби, Абдужалол романида ҳам кўп ўринларда, тарихда бўлганидек, золим мансабдорларнинг нафратга сазовор тубанликлари, қирғин урушлар, табиий офатлар, фидокор табибларнинг буюк ғайрат-шижоати, маҳорати, ёвузлик ва эзгулик тўқнашувлари, табиат гўзалликлари ва жазирама қум кўчкилари билан олишувлар яхши тасвирланади. Асарда севги мавзуи ҳам таъсирли.
Адиб айтишича, роман ҳали тугалланмаган. Бу эҳтимол, роман-трилогия бўлар.
Асарнинг ҳозир тугалланган биринчи китобида ҳам минг йил аввалги ватандошларимизнинг моддий ва маънавий ҳаёти, ёвузлик ва эзгулик, тубанлик ва юксаклик тўқнашувлари табиий, ишонарли, сюжет йўллари, шиддатли воқеалар асосида кўрсатилган. Бош қаҳраман атрофидаги персонажлар, Ҳусайн ибн Синодай даҳолар йўлида учраган машаққатлар ҳаётий тасвирланади. Назаримда Миллий Истиқлол даври ўзбек бадиий насри яна бир яхши асар билан бойитилди, дейиш мумкин.
Маҳкам МАҲМУД,
ёзувчи, филология фанлари номзоди.
БИРИНЧИ ҚИСМ
Ҳижрий 375 йилнинг6 кузи. Тунлар салқин бўлиб қолди. Чўл тарафдан эсган шабада этни жунжиктиради. Бироқ, ҳали қишнинг кийими сандиқлардан олинмаган. Шундай бўлса-да, ҳовлидаги супаларида ётиб юрган одамлар уй-уйларига кириб кетишган. Шолчаси йиғиштирилган супа тонггача хазон билан қопланиб қолади. Дарахтларнинг барги учидан тўкилмоқда. Бу қишнинг қаттиқ келишидан дарак.
Ҳусайн ҳали тонг ёришмасдан уйғонди. Тўшакда ўтирганича тўғридаги нурланиб турган ойнаванд даричага тикилди. Ойнадан тўлин ой мўраларди. Ойнинг тилларанг ёғдуси боланинг чақноқ кўзларини ёритди. Оймомони томоша қилмоқчи бўлиб, сассиз ўрнидан турди. Ёнидаги ўринда ухлаётган онасига бир қараб қўйди-да, ўша томонга юрди. Бўйи даричанинг рафига базўр етди. Шу ҳолатда оймомога тикилиб қолди. Ундаги доғлар жудаям ғалати шаклларда эди. “Алифбо”