Название | Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-457-1 |
Ота-оналаримиз, хусусан ўзимиз ҳам бундай “келди-кетди”ларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Бахт келганда шодланганмиз, кетганида маъюсланганмиз, лекин ношукур бўлмаганмиз, бахтнинг қайтишини сабр билан кутганмиз.
Киши дунёда бой бўлиш учун эмас, балки бахтли бўлиш учун яшайди.
Зотан қуш парвоз учун, инсон эса бахтиёр бўлиш учун яралгандир.
Бахт нима ўзи? Унинг ўлчови, миқдори борми? Кимни бахтли, кимни эса бахтсиз деймиз?
Инсоният бу саволларга минг йиллардан бери жавоб излайди. Ягона жавоб эса йўқ. Дунёда неча миллиард одам яшаётган бўлса, бахт ҳақидаги тушунча ҳам шунчадир. Одамларнинг бу масаладаги қарашларида фарқ бўлиши табиий. Қуръони каримда амр этилган фазилатларга амал қилмоқлик – бахтиёрликнинг пойдеворини, ўзгачароқ таъбир билан айтсак, ўқ илдизни ташкил қилади. Инсон ўзини муҳофаза этишга ҳамда бахтиёр бўлишга интилувчи таъсирчан, сезгир, ақлли ва фикрловчи мавжудот саналади. Тўла-тўкис бахт одамзодга насиб бўлувчи юксак даражадаги ҳузур-ҳаловатдир, бахтсизлик эса юксак даражадаги мусибатдир.
Ҳузур-ҳаловат дейилганда фақат моддий маъно англашилмаслиги керак. Агар ҳузур-ҳаловат фақат нафсни қондиришдан иборатгина бўлса, емиш топган жониворларнинг барчасини бахтли, оч қолганини бахтсиз дейишимизга тўғри келади. Биз жониворларда шундай тушунча, туйғу бор ёки йўқлигини билмаймиз. Фақат бордир, деб тахмин қиламиз ёки “йўқ” деб инкор этамиз. Бизнингча, жониворларга хос бўлган бахтлилик ҳам фақат қорин ғамига бориб тақалмайди. Масалан, уйда боқилаётган итга эгаси томонидан ташланган суяк бахтли ҳолат саналса, эркни ҳеч нарсага алмашмайдиган бўри учун бу бахт эмас, балки бир хорликдир. Эгаси ташлаган бир ҳовуч донга қаноат қилувчи товуқ катакда туғилиб, катакда жон беришни эҳтимол бахт деб ҳисоблар. Чўққида туғилиб, осмонда эркин парвоз қилишга ўрганган бургут учун эса бу тубанликдир. Аслида Аллоҳ барча жониворларни эркин қилиб яратган. Фақат айримлари эркларини емишга алмашганлар. Буларни биз “уй ҳайвонлари” деймиз. Эркни ҳар нарсадан аъло қўйганларини эса “ёввойи ҳайвонлар” деб атаймиз. Демоқчиманки, бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ. Агар фақат моддий томони билан чеклансак, барча камбағаллар бахтсиз, бойлар эса бахтли деган маъно келиб чиқади. У ҳолда “Мерседес” каби автомашиналарда юрувчи кимса дунёдаги энг бахтли инсону, тиқин автобусда хизматига шошаётган одам бахтсизми? Балки аксинчадир? Автобусдаги одам кўнглида ҳаловат бор. Уни бойлигини йўқотиб қўйиш хавотири таъқиб қилмайди. Ўтмиш донишмандлар шу боис ҳам Аллоҳдан руҳ ҳаловатини истаб, бойлик бермагани учун шукурлар қилганлар.