Название | Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-457-1 |
Саксонинчи йилнинг бошларида Москвада фантаст ёзувчиларнинг кенгашида Бестужев-Лада деган социология профессори шу ҳақда гапириб, “фантастлар космосга қарайвермасдан Ер муаммоларини ҳам ечишлари керак”, деди. Мен сўзга чиққанимда шарқ фантастикаси ҳақида гапиргач, унга жавобан дедимки: “Муҳтарам профессор, сиз таъкидлаган муаммо фақат Ғарбга, яъни Европага хосдир. Бизнинг Осиёда бу муаммо йўқдир. Ўзбеклар бола туғилиши бўйича биринчи ўринда турадилар, ўзбек эркаклари номидан ваъда қиламанки, бу илғорликни йигирма биринчи асрда ҳам қўлдан бермаймиз”. Ҳақиқатга асосланган бу ҳазилга кулдилар. Мендан кейин сўзга чиққан тожикистонлик адиб эса: “Ўзбеклар туғилиш бўйича биринчи эмаслар, биринчилик Туркманистонда”, – деб гапни жиддий томонга бурди. Ундан сўнг сўзга чиққан москвалик адиб: “Тоҳир Малик ҳазилнамо қилиб айтган бўлса ҳам, унинг гапи тўғри, Ўзбекистон умумий сон жиҳатдан олдинда, Туркманистон эса жон бошига ҳисоблаганда биринчи”, – деб масалага ойдинлик киритганди.
Набий (с.а.в.): “Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, Қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан”, –деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса, олимлари: “Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!” – деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги, яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 миллион, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 миллион экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 миллионга етибди. Франция аҳолиси эса 39 миллионга етибди. Бу дегани 80–90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 миллион ошганлари ҳолда французлар 11 миллионга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: “Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат Ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз – французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди.