Название | Катта хонадон 2 |
---|---|
Автор произведения | Салом Муҳаммад |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-5990-8-6 |
– Кўп кутдизми, ака?
– Чорак соатча. Меҳмонларни кузатиб, бу ёққа, сени кутиб олишга келдим, – ҳеч нима бўлмагандай, хотиржам жавоб қайтарди ака.
– Меҳмон? Ким келди?
– Муяссар келиб кетди.
– Ростданми? – Ҳилола таққа тўхтаб, акасидан қувонтирадиган, ҳаяжонли жавоб кутди. – Онамни кўрдими? Нима деди?
– Онамни дарди врачбоп эмиш.
– Ээ, акаа… Энди нима бўлади? – Ҳилола йиғламсираб, судраб қадам ташларкан, жуда эзгин овозда қўшиб қўйди. – Унга жудаям ишонувдилар…
– Барибир муолажа қилди. Ўзлари айтдилар, кучли таъсир этган эмиш…
Ҳилола онасида бардамлик-тетикликни кўрдию тўлқинланиб кетди, киприкларидан бир неча томчилар сирпанганча она бағридан ўзини бўшатмай жим қотди.
Эртаси кун ҳақиқатдан ҳам Шамсия буви ўзини батамом соғайгандай ҳис этди. Онаизордан хабар олиш учун келган Роҳила ҳамда Фазлиддин билан биргаликда Навоий кўчасидаги ярмарка магазинларини кўздан кечирдилар, ҳатто “Қозоғистон” кинотеатрида бўлаётган ҳинд фильмига болаларию неваралари билан бирга боришга майл билдирдилар. Нуриддин орага тушиб, рад этди:
– Бирданига кўп юриб юбордингиз, онажон, чарчайсиз.
– Кучимга куч қўшилопти, бачам. Шунча юрсам ҳам чарчамадим. Учинчи қаватдан икки марта пастга тушиб, дам олиб-дам олиб чиқсам ҳам латта бўлардим. Соғайганим шу-да. Муясни Худо манга етказди.
– Тўла соғайинг, ўзим бунақа киноларга, театрларга кўп олиб бораман, хўпми, онажон.
Шамсия буви Муяссарнинг учинчи муолажасидан кейин ўзини янада тетик сезиб, гўё буткул соғайгандай эди. Бироқ Нуриддиннинг мазаси қочди. Бундан у жуда ажабланди. Кейинроқ маълум бўлдики, у тузуккина тумовга-гриппга йўлиққан экан. Дори-дармонлар ила муолажалар бошланди. Онасини жўнатганидан сўнг ёзувчилар боғини макон тутди, юрагига малҳам топди. Аммо кўп ўтмай шум хабар…
Шуни эсладию у ўйлашдан тўхташга уриниб, ағдарилди. Кўзи илинди, чоғи…
8. ҚОРА ТУН, МУДҲИШ КУН
Мизғиб, туш кўрдими, хаёл элитдими ёхуд чиндан-да эшитилдими-аввал олисдан таралгандай ғўнғир-ғўнғир овозлар қулоғига урилди. Кейин, сал ўтмай, хона чироғи “чирқ” этиб ёқилди. Кўзи беихтиёр очилиб кетган Нуриддиннинг юраги “шув” этиб кетди: “Наҳотки яна мазалари қочган бўлса… Агар посбонликка бориш учун уйғотишса, чироқни ёқмай, секин туртиб қўйишарди…”
– Ма-мазалари қочдими? Яна… – у сўзининг давомини айтолмай устол ёнида эзилган кўйи тик турган Баҳриддинга анграйиб қаради. Жавобни ҳам кутмай туришга интилди, қўзғалолмади. Унгача отаси билан Фазлиддин ҳам уйғонди. Бошқа тўшакларда эса ҳеч ким йўқ, ҳовлининг йирик лампали чироғи ҳамма ёқни ёритиб турарди.
– Туринглар, онам…
– На…