Танланган асарлар. Носир Фозилов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар
Автор произведения Носир Фозилов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5993-4-5



Скачать книгу

шифтга ўрлар, сал нарироқдаги одамни дафъатан таниб олиш анча мушкул эди. Бироз кўзи ўргангач, Тўра девор ёнига тақаб қўйилган узун ўриндиқда қатор ўтирган кишиларни таниди: Ғиёс ака, Нусрат ферма, Абдусамат тракторчи, Карим жувозкашнинг ўғли Розиқ… Ҳамма ўйчан, индамай ўтирибди, Розиқнинг кўзлари чақнайди. Қарашларида ўзининг аскарликка чақирилганидан фахрланганнамо бир кайфият бор.

      «Демак, Информбюро холанинг гапи тўғри экан, – деди Тўра ичида.– Наҳотки, Ғиёс акани ҳам олишса?! Наҳотки, Розиқни чақиришса-ю, менга индашмаса? Ахир у кечагина кўча чангитиб мен билан бирга ўйнаб юрган бола эди-ку?»

      Тўранинг хўрлиги келиб кетди. Розиқни чақиришса-ю, бунга индашмаса! Ораларида ё бир, ё икки ёш фарқ бор, холос. Ё… эҳтимол, буни ҳам чақиришгандир… «Кошки эди шундай бўлса! Борди-ю, унақа бўлмаса-чи? Тағин шу поданинг кетидан чопқиллаб, чанг ютиб юравераманми? Бошқа иш қуриб қолибдими менга? Мана шу гапларимни ҳозир кўпчиликнинг олдида раисга айтсам-чи? Барибир айтаман!..»

      Шу гапларни кўнглига тугиб турганда, раиснинг кўзи унга тушиб қолди.

      – Ҳа, Абдитўра, келдингми, ўғлим? Бирпас кутиб туратур, – деди-да, энгашиб бош бухгалтерга гап уқтира бошлади. Раиснинг нима ҳақда гапираётгани Тўранинг қулоғига кирмас, мияси турли-туман ўйлар оғушида зирқираб оғрир эди. Бир маҳал у раиснинг ишораси билан Розиқнинг ёнига бориб ўтирди. Хаёлини бир жойга тўплаб, бўлаётган гапларга бундоқ қулоқ солган эди: «Чеканка, сув, беда, ўроқ, чопиқ…» деган узуқ-юлуқ гапларни илғади.

      – Омборчига наряд бер: ҳарбийга жўнайдиганларга дон-дундан ёрдам қилсин, – деди раис товушини бир баҳя кўтариб. – Қанчадан берамиз?

      – Ўн килодан бўлса, етар…

      – Беш килодан! – деди раис қатъий. – Етади. Ҳали далада ишлаётганларнинг иссиқ овқатлари бор. Уруш бўлаётган жойлардан кўчиб келаётган оилалар бор… Нима дединглар?

      Ҳеч ким чурқ этмади.

      – Бўлмаса гап шу. Ҳа, айтгандай, Бойғози, кўчиб келаётганларга жой нима бўлди?

      – Бўлди, оқсоқол.

      – Қаердан?

      – Биреви Ғиёс оғанинг уйине ўрнасатин бўлди. Экиншиси Маҳкамбой устанинг кўрасина… Босқасина тағин бир жой табармиз.

      – Топармиз эмас, топиш керак. Индинга олиб келамиз, – раис гапни тугатиб Тўрага бурилди. – Энди гап бундай, ўғлим. Ғиёс акангни ҳарбийга чақиришибди. Подани ўзларинг эплаб турасизлар. – Тўра, «ана, айтмадимми», дегандай бир қимтиниб олди. «Бояги ўйлаб қўйган гапларимни айтсаммикан», деган ўйда бир оғиз жуфтлаб ҳам кўрди, лекин бўлмади, индаёлмади. Раис ҳамон унинг оғзига қараб, жим турарди. Тўрадан садо чиқмагач, гапида давом этди: – Иккалангга қийин бўлар, тағин ёнларингга битта-яримта бола топиб берармиз…

      – Энди бундан буёғига қийин бўлади, – деди Ғиёс ака. У бу гапни қийналиб, бўлиб-бўлиб айтди. Тўра буни сезди, қаеридир жиз этиб кетди. – Шундай қилмасангиз бўлмас…

      – Кимни ажратсак экан? – деб раис ўтирганларга савол назари билан қаради.

      Ғиёс ака ўйлаб қўйган гапини айтишнинг мавриди энди келганини пайқаб, «энди…» деб гап бошлади-ю, буёғини айтолмай чайналиб,