Название | Яшил кеча |
---|---|
Автор произведения | Рашод Нури Гунтекин |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-652-6 |
Бир оздан кейин нутқлар бошланди.
Аввало, мутасаррифнинг ёнидаги кекса домла арабча бир дуо ўқиди. Сўнгра Муфит бей фақат атрофидаги уч-беш киши эшитса бўладиган товуш билан бир кичкинагина нутқ сўзлади.
Шундан кейин маҳкаманинг янги раиси сўз олди. Бу Салим пошонинг Сариова маҳкамасида қилинадиган тадбирлар программаси каби бир нарса эди. Қоғоздаги нарсани ўқиркан, ора-сира тўхтаб қолишидан ва баъзи ерларини янглиш ўқишидан бошқа бир кимса томонидан ёзиб берилганлиги шундоққина билиниб турарди.
Нутқ тамом бўлгандан кейин Шоҳин афанди идоди мудирининг қулоғига эгилди ва кулимсираганича:
– Маҳкама раиси пошо, бу программани тамомила амалга оширса, вақф мудирига иш қолмайди, – деди. – Нуқул мозорларнинг, мақбараларнинг пойдеворидан, жомеларнинг ясатилишидан, дарвешлар қароргоҳидан, иморатлардан баҳс этди.
Мудир Шоҳин афандидан ҳайиқиб қолганди. Жавоб бермоқчи бўлган кишидек бир ҳаракат қилди. Кейин ниятидан воз кечди. Бош муаллимнинг саволига ноаниқ жавоб қайтарди.
Маҳкаманинг раисидан кейин навбат Жобир бейга келди. Бу қирқ ёшлардаги йўғон гавдали бир одам эди. Машаққатли бир тоғ сафарига отланган кишидай эгнига қундуз ёқали бир овчи костюми, узун-узун оёқларига ялтиллаган этиклар кийганди. Қўлига кумуш сопли бир қамчи ушлаб олганди. Соғломлигидан йилтиллаб турган қирмизи юзида учлари қулоқларига теккан қўнғир тусдаги мўйловлари, чинакам мовий кўзлари бор эди. Ғолибо энсасига чиққан яраларини яшириш учун чети тўқилган ипак рўмол билан бўйнини ўраб олганидан, қулай ҳаракат қилолмас, нутқ сўзларкан, бошини гавдаси билан баравар атрофга бурарди.
Милтиқнинг ўқидай шарт-шарт овози бор эди. Деворларнинг ҳов нарёқ томонларида ниҳоятсиз бир оломон турибди-ю, унга хитоб этаётган каби овозининг борича бақириб, қўлларига кенг ҳаракатлар бериб сўзлай бошлади.
Жобир бей бўлиб ўтган Болқон уруши фожиаларидан баҳс юритарди:
– Золим душман мамлакатимизни босиб олди. Румели инсон қассобхоналарига айланди. Оқ соқолли чолларнинг қўлларини, оёқларини кесди, кўзларини қиздирилган сим билан ўйди… Уламоларнинг оғзига қўрғошин қуйди. Хотинларнинг кесди кўкракларини, ёрди қоринларини, чиқарди сочи чиқмаган болаларни ташқарига… Қўзичоқдай бўлган мусулмон болаларини санчиб қўйди милтиқнинг найзаларига… Худди қўйнинг кабобини пиширгандай, ёқди оташнинг устида… Ёнган инсон ёғларининг тутуни қоплади булут каби ҳаволарни. Кесилган бошларнинг, ёрилган қоринларнинг, танадан ажратиб ташланган жигарларнинг, ичак-чавоқларнинг кўплигидан қадам қўйиб бўлмасди… Қишлоқнинг кулини кўкка совуришарди, йигитларимизни дарахтларга осишарди, сув каби пок қизларимизни ифлос қучоқларига босишарди. Чубукларини тутатиб олишиб, кайф билан боқишарди қилган ишларига… Кўпириб-кўпириб оқарди дарёлардан мусулмонларнинг қонлари…
Шоҳин афанди бу оқшомги маросим билан Болқон фожиаси ўртасида қандай боғланиш