Название | СЎЗ |
---|---|
Автор произведения | Одил Ёқубов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-623-0 |
Ўша кеча мен, «Қутлуғ қон»ни ўқиб ўтириб, яхшилик нима, ёмонлик нима, адолат ва адолатсизлик нима, инсоф ва ноинсофлик нима, тушунгандай бўлдим. Бошқача қилиб айтганда, бу ўлмас асарнинг теран ижтимоий мазмуни бебаҳо эзгу туйғуларга айланиб, ўн олти яшар бир ўспириннинг қалбига ёруғ нур бўлиб қуйилган эди. Мен бу нур, бу ёруғ туйғуларни тоабад унутмайман…
Ойбек домланинг адабиётимиз учун, маданиятимиз учун қилган хизматларини сарҳисоб қилиш осон эмас. Бу беҳисоб хизматлари ичида мен устознинг яна бир улуғ хизматини алоҳида меҳр билан, шогирдлик ҳурмати билан айтиб ўтишни истардим, у ҳам бўлса Ойбек домланинг яна бир улуғ асари «Навоий» романига сингган меҳнатидир.
Устоз Ойбекнинг улуғлиги шундаки, у киши халқимиз учун буюк бобомиз Навоий ҳазратларини тирилтириб бердилар.
Албатта, биз онадан туғилибмизки, буюк бобомиз шеърлари қўшиқ ва куй бўлиб қулоғимизга қуйилади. Биз бу шеърлар, бу қўшиқ ва куйларни оналаримиз алласи билан бирга эшитамиз. Бобомизнинг ўлмас асарларини «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»ларнинг мунгли севгисини оналаримиз ва бувиларимиз бизга гўдаклик чоғларимиздаёқ эртак қилиб сўзлаб беришган. Лекин бу асарларни, беш юз йилдан бери бутун инсониятни лол қолдириб келаётган бу севги достонларини, чексиз мунг билан йўғрилган бу қўшиқларни, бу нурдай ёруғ шеърларни яратган инсон ўзи, Навоий ҳазратлари ўзлари қандай одам бўлган, бобомиз қандай ишлар қилган, бошидан қандай савдолар ўтган, қандай мусибатлар кечган– биз буни яхши билмас эдик, билсак ҳам бу буюк зотни бир одам сифатида, инсон сифатида яққол кўз олдимизга келтира олмас эдик. Бу мураккаб ишни, ижодий жасорат деб аталмиш бу бебаҳо ишни қилган одам – устод Ойбекдир. Ойбек домла адабиётимизда биринчилардан бўлиб, буюк бобомиз сиймосини яратди. Улуғ аждодимизнинг ўйларини бизнинг ўйларимизга, дардларини бизнинг дардларимизга улаб, улуғ зотни ўз замондошларимиздай яқин, ҳамдард, ҳамфикр бир инсонга айлантирди.
Устод Ойбек улкан санъаткорларга хос бир куч билан буюк бобомизнинг руҳий оламини очиб берди, унинг муқаддас ижодхонасига олиб кирди, беш юз йилдан буён бутун инсониятни титратаётган асарларнинг яратилиш тарихини кўрсатди, бу ўлмас асарларни ёзган санъаткор ҳам буюк шоир, ҳам ўзимиз янглиғ ожиз бир инсон эканини, у ҳам яхшилик ва эзгуликдан қувониб,