Ушбу монографияда буюк шоир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий «Хамса»си ва «Лисон ут-тайр» достонларининг насрий баёнлари ва талқинлари хусусида фикр юритилган. Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достони жаҳон бадиий тафаккури намуналаридан бири бўлмиш Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» достони билан қиёслаб ўрганилиб, асарларнинг ўзаро уйғун ва фарқли жиҳатлари хусусида фикр юритилган. Китоб филолог мутахассислар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
"Ёлғизликнинг юз йили", «Ошкора қотиллик қиссаси» асарлари муаллифи, Нобель мукофоти совриндори Габриэл Гарсиа Маркес жаҳон адабиётида ўз сўзи ва ўзига хос услубига эга ижодкорлардан саналади. Ўз даврида Франц Кафка, Марсел Пруст, Уильям Фолкнер, Жеймс Жойс асарлари Маркес дунёқараши, бадиий тафаккури ривожига сезиларли таъсир кўрсатган ва мана шундай ички вулқонлар натижаси ўлароқ адиб номини оламга ёйган буюк асарлар дунёга келган. Ўқувчилар эътиборига навбатда ҳавола этилаётган «Бузрукнинг кузи» романи ҳам шу каби ҳайратлар мевасидир
Мазкур ўқув қўлланма шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер асаларичилик хўжаликларида, асаларичиликка қизиқувчилар арихонасида асалари оилалари биологияси ва анатомияси, парваришлаш, кўпайтириш, ёш урчиган она ари етиштириш технологияси, асаларичиликда фойдаланиладиган асбоб-анжом, мослама ва қурилмалари, асалариларнинг озуқа базаси, қишлоқ хўжалик ўсимликларини чанглантириш, асалари маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ҳамда уларга қўйиладиган давлат стандарт талаблари тўғрисида билимга эга бўлиш учун тавсия қилинади.Ушбу ўқув қўлланма олий ўқув юрти педагоглари, талабалари, магистрлари, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари, ўқувчилари ва шу соҳада ишловчи мутахассис асаларичилар ҳамда ҳаваскорларга мўлжалланган.
Мазкур қўлланма шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида асалари оилалари касалликларини олдини олиш, даволаш ва лабораторияларга жўнатиш, арихонада ветеринария ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини олиб бориш учун тавсия қилинади.Қўлланма касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юрти талабалари, магистр ва мутахассисларга ҳамда ҳаваскор асаларичилар учун мўлжалланган.
Ўзбекистонда Шарқ хурмоси 1935 йилдан бошлаб ўстирилиб келинмоқда. Охирги 10–15 йил ичида хурмо ўсимлиги республикамизда кенг тарқалди. Ушбу китобда хурмонинг келиб чиқиши, унинг дунёда, хусусан, Ўзбекистонда тарқалиши ҳақида, районлашган ва кенг тарқалган навлари ва уларнинг хусусиятлари ҳақида кенг ва батафсил маълумотлар келтирилган. Хурмони парваришлаш, танасига шакл бериш, касаллик ва зараркунандалар¬га қарши курашиш чоралари, ҳосилни териб олиш, уни сақлаш ва мевани қимизаклигини йўқотиш ҳақида батафсил тушунча берилган, шунингдек, хурмо кўчатини етиштириш ва боғлар барпо қилиш ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Ушбу китоб мутахассислар – соҳибкорлар ва кенг омма фойдаланиши учун мўлжалланган.
Самимиятга ва рамзларга бой илк шеърлари биланоқ адабий жамоатчилик эътиборини тортган шоира Хуршида (Ваҳобжон қизи) нинг «Сиғмагай жисмим жаҳонга», «Алдамчи тонглар», «Изҳор», «Тажалли» каби шеърий тўпламлари китобхонларга етиб борган.Нозиктаъб шоиранинг ушбу сайланма китобига киритилган туркум шеърлари ва достонида инсон руҳиятининг ўта нозик, кўз илғамас, ақлан идроки мураккаб олис манзиллари бадиий чизгиларда акс этади.Ҳаётнинг пасту баландликлари, синов ва машаққатларини сабр-матонат билан енгиш, меҳнатсеварлик ва бағрикенглик, саховат ва кечиримлик каби фазилатлар инсонни албатта нурафшонликка етказишини, дунёни тутиб тургувчи куч эзгулик эканлигини, салбий хислатлар ортида эса чигал қисмат юз кўрсатишини шоира ўз шеърларида таъкидлайди. Хуршиданинг ижодида Шарқ мумтоз шеъриятига хос бадиий санъатларнинг замонавий шеъриятдаги образлилик ва ғоявий етуклик билан уйғунлашувини кузатиш мумкин. Вақт силсиласи ҳукмидан ҳоли умуминсоний — азалий ва абадий мавзуларнинг устуворлиги эса шоира шеърларининг моҳиятини ташкил этади.Ўйлаймизки, Хуршиданинг қалб гавҳари — «Самойинур» дилларга мунавварлик бағишлайди, ёш авлодлар қалбида чин инсоний туйғулар шаклланишига хизмат қилади.
Шеърият инсонлар қалбига ҳис-ҳаяжон, умид ва илинж солувчи сеҳрли, сирли оламдир. Ижодкорнинг ўзлиги, туйғу- кечинмалари, борлиқ билан тинимсиз кураши натижасида ана шундай завол билмас асарлар яралади.Туйғулар куйчиси Хуршида Ваҳобжон қизининг шеърлари кўнгилга яқинлиги билан ажралиб туради. Шоиранинг янги шеърлари, ғазаллари, мухаммаслари ва достони жамланган ушбу китоб ўқувчилар қалбидан муносиб жой олишига ишонамиз.
Ушбу шеърларга инсон руҳияти манзаралари ва унинг оташин туйғулари сингдирилган. Шоир кўнглидаги тўлқинлару тўфонлар, соғинчу изтироб, армону муҳаббат чизгиларини кўрасиз ва унинг ўзига хос талқинидан ҳайратга тушасиз.Азиз китобхон. Шеърларни ўқинг, улар Сизга бениҳоя завқ, англаш ва кашф этиш лаҳзаларини бахш этишига ишонамиз.
Ушбу китобга Эргаш Муҳаммад Аторуҳ ижодидан энг сара шеърлар жамланди. Кўп йиллик танаффусдан кейинги дийдор шоир мухлисларини хурсанд қилади, деган умиддамиз.
Китоб ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг «Ислом илмларига оид манбалар тадқиқи ва нашри» гранти доирасида тайёрланиб, институт Илмий Кенгашининг 2018 йил 3-сонли қарорига мувофиқ нашрга тавсия этилган.Абдулкарим Фазлий Намангоний ва Мирзо Қаландар Мушриф XVIII асрнинг иккинчи ярми ва XIX асрнинг биринчи ярмида яшаган шоир, муаррих ва адабиётчилардир. Улар Қўқон хони Амир Умархон (ҳукмронлик йиллари 1810-1822) топшириғига мувофиқ «Мажмуаи шоирон» («Шоирлар мажмуаси», 1821) тазкирасини тузганлар. Тазкира катта илмий ва амалий қимматга эга бўлиб, 19 аср бошларидаги Қўқон адабий муҳитининг 100 дан ортиқ вакиллари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Унинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари кенг тарқалган бўлиб, ҳозирги имлода биринчи марта нашр қилинмоқда.Тазкира ўзбек ва форс адабиёти тарихи ҳамда шеърият билан қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.