Название | Улуғбек хазинаси |
---|---|
Автор произведения | Одил Ёкубов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
– Маъзур кўргайсиз, – деди у шошиб. Кўп мушкул юмушдир бу. Камина бу ишга қиблагоҳимдан бемаслаҳат қўл уролмасмен. Ижозат берсангиз ул зотдан маслаҳат сўрар эдим.
Али Қушчи “маъқул”, деган маънода бош ирғади.
Мавлоно Муҳиддин шоша-пиша ўрнидан турди, ялтироқ қора чармдан тикилган қошиқдеккина кавушини оёғига илиб, шип-шип юриб хонадан чиқди.
Али Қушчи қўлидаги гулдор пиёлани айлантирганича чуқур хаёлга толди.
Мавлоно Муҳиддин Улуғбек мадрасасига мударрис этиб тайинланган йили Салоҳиддин заргар худди шу ҳовлида бутун Самарқанд аҳли ирфонига ош берган эди. Ошга жаннатмакон устод Қозизода Румий билан онҳазратлари ҳам ташриф буюрган эдилар. Ўшанда Салоҳиддин заргар суюкли ўғли мавлоно Муҳиддин учун йиққан нодир қўлёзмаларини кўз-кўз қилиб, аълоҳазратларининг таҳсинига сазовор бўлган эди. Зотан бу мавқе, бу обрў, бу бойлик – ҳаммаси Мирзо Улуғбек орқасида орттирилган эди. Устод шогирди мавлоно Муҳиддинни шундай суяр, унинг илми ва салоҳиятларини шундай юксак баҳолар эдики, ёшлигига қарамай мударрисликка кўтариб, катта нафақа тайин қилди. Ўғлига бўлган бу ҳурмат-эҳтиром туфайли отаси Хожа Салоҳиддин заргар “тархон” номини олди, Мирзо Улуғбек унга савдо аҳлидан ҳеч бирига бермаган имтиёзларни берди, ҳатто тамғадан28 ҳам озод қилди. Қисқаси, Салоҳиддин заргар Мовароуннаҳрдаги энг нуфузли одамлардан бирига, энг катта савдогарга айланди. Энди бўлса… Ҳайҳот! – Али Қушчи оёқ шарпаларини эшитиб бошини кўтарди.
Бўсағада… фил тишидан ясалган оппоқ асосига таяниб, Хожа Салоҳиддин заргар турарди. Эгнида қизил мовут тўн, бошида зар билан тикилган учлик гилам дўппи. Салоҳиддин заргар пойгакда тўхтаб, пахмоқ қошлари остига яширинган тийрак кўзлари билан Али Қушчига тикилиб қолган эди.
Етмишга борган бу чолнинг қадди-қомати, узунчоқ оппоқ юзи, ҳатто кийинишида қандайдир пинҳоний бир гўзаллик бор, ўзиям муштдеккина бўлса-да, зуваласи пишиқ, нигоҳи ўткир эди.
Али Қушчи ўрнидан туриб тавозе билан салом берди.
Чол фил тишидан ясалган, бандига дур ва ёқут қадалган асосини деворга суяб, тўрдаги кўрпачага ўтиб ўтирди, ўтираркан, Али Қушчи билан ўғлига икки ёнидан жой кўрсатди.
Боя дастурхон ёзган ёш маҳрам шарпасиз одимлаб кириб, ўртадаги кумуш баркашни олиб чиқиб кетди ва бир лаҳзадан кейин тилла баркашда янги мева-чева олиб кирди. То бу ишнинг ҳаммаси бажо келтирилмагунча Салоҳиддин заргар чурқ этмади. Ёш маҳрам орқаси билан юриб чиқиб кетгандан кейингина бошини кўтариб, ўткир кўзларини Али Қушчига тикди.
– Кўп бўлди, фақир кулбамизга қадам ранжида қилмаган эдилар. Энди хуш келибсиз, мавлоно!..
Али Қушчи унинг “фақир кулбамиз”, деганига ичида бир кулиб қўйди.
– Ташаккур сизга. Ҳузурингизга бир ниятда ташриф буюрган эдим, тақсир. Мавлоно Муҳиддин баён қилгандур…
Салоҳиддин заргар “баён қилди”, деган маънода бош ирғади. Сўнг, қўлидаги пиёладан хушбўй чой ҳўпларкан, секин деди:
– Бу муаммони муҳокама
28
Тамға – алоҳида