Улуғбек хазинаси. Одил Ёкубов

Читать онлайн.
Название Улуғбек хазинаси
Автор произведения Одил Ёкубов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn



Скачать книгу

Улуғбек кечалари шу ерда ўтириб, мутолаа қилишни суяр, суякли жадвали устида ҳам шу ерда ишлар эди. Али Қушчичи? Ахир тўрдаги деворда ажиб манзара касб этиб ялтиллаб турган бу коинот сурати, бу мураккаб жадвалларнинг бунёдга келишида унинг ҳам, Али Қушчининг ҳам хизматлари бор!.. Ёлғиз жадвал эмас, бу нодир хазина, уммондан жавоҳир қидирган ғаввос машаққати билан топилган бу пурҳикмат асарларни йиғишда ҳам Али Қушчининг меҳнати ва заҳмати бор!

      Ана, жадвалларнинг ёнида, бурчакдаги жавонда Мирзо Улуғбекнинг олти жилдлик тарихий асарлари ёнида унинг – Али Қушчининг ҳам китоблари турибди!… Наҳот бу ноёб хазинадан, умрининг энг онгли, энг масъул дамлари ўтган, унга мушоҳада лаззатини бағишлаган, ёлғон дунё ғурбатларини эсидан чиқариб, фалакиёт оламида эркин сузишга ўргатган бу мунаввар масканидан айрилса?!

      Боя устод айтган бидъат ва хурофот маддоҳлари уни риндона кайфиятлар оғушида қолган осий банда деб ўйлашади, Али Қушчи эса шу даргоҳни деб, шу илм дурдоналарини деб, барча фоний дунё лаззатларини тарк этди, ҳатто ногирон энасини юм-юм йиғлатиб, уйланмоқ ва фарзанд кўрмоқ бахтидан маҳрум бўлди… Ниҳоят энди, қирқдан ошиб, бебақо умрнинг охири кўриниб қолганида, бу зиё масканидан айрилса? Айрилганда не қилади? Қариган чоғида қайга боради?

      Али Қушчининг қалбини ҳазин куйдай тиниқ бир мунг чулғаб олди. Бу мунг, бу ҳазин куй, дилининг энг нозик торларини оҳиста чертиб, кўнглида қандайдир хаста, нотавон ҳислар қўзғатди. Гўё у бу ёруғ дунёда ёлғиз қолган, ҳамма ундан юз ўгирган, ҳамма уни ташлаб кетган эди… тўсатдан у лабларида нордон бир таъм сезиб, ҳушига келди-ю, қўлидаги шамни баландроқ кўтариб, чоратрофига қаради: китоблар, китоблар, китоблар!… Йўқ, бу китобларни ўн-ўн беш эмас, юз сандиққа ҳам сиғдириб бўлмас! Бас! Устод бу ноёб асарларнинг ичидан энг нодирларини, қимматбаҳо тошлар орасидаги лаъл ва инжуларни айтибди! Лекин бу сандиқларни кимга ясатади? Бу нодир хазинани қаерга яширади? – Али Қушчи ўйлаб-ўйлаб, шу бугуноқ малоно Муҳиддиннинг ҳузурига бориш ва унинг отаси Хожа Салоҳиддин заргар билан маслаҳатлашишга аҳд қилди.

      У ўйчан одимлаб биринчи хонага чиқди. Белбоққа тугилган олтин ва жавоҳирларни хонтахтадан оларкан, пиёладай-пиёладай қуйма тиллалар қўлидан сидирилиб тушиб, гиламда юмалаб кетди, сочилган лаъл ва инжулардан нимқоронғи хонада юлдузлар чарақлади…

      Али Қушчи бу бойликни қаерга яширишини ўйлаб узоқ турди, ниҳоят, эшик устидаги қалин китобларнинг орқасига яширди, кейин ташқарига чиқиб, таҳорат олди, эртароқ бўлса ҳам бомдод намозини ўқиб, чакмонини кийди-да, энасидан хабар олиб туришни қоровулга топшириб, расадхонадан чиқди.

      6

      Уфқдаги тоғларнинг усти ғира-шира оқарган, лекин осмонда, сийрак булутлар орасида ҳамон милт-милт ёнган юлдузлар кўринади. Этни жунжиктирувчи совуқ шабада эса, йўл бўйидаги дарахтлар ҳамон тундагидай эгилиб-эшилар, рўпарадаги “Боғи майдон” дарёдай шовуллар эди.

      Одатда шаъбон ойи бундай совуқ келмас. Самарқанд боғлари нафис қизил-қирмизи рангга бўялиб, илиқ куз офтобида