Улуғбек хазинаси. Одил Ёкубов

Читать онлайн.
Название Улуғбек хазинаси
Автор произведения Одил Ёкубов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn



Скачать книгу

қора тунда не қилиб юрибди?”

      Али Қушчининг хаёли ҳамон Кўксаройда, устодда эди. У кутубхонага ошиқар, у ерда ёлғиз ўтириб, устоднинг гапларини яна бир ўйлаб кўргиси келар, танҳо қолишни хоҳларди. Али Қушчи истар-истамас расадхонанинг орқасидаги толиби илмлар яшайдиган бир қаватли бинога бурилди.

      Мирам Чалабий бинонинг энг чеккасидаги торгина ҳужрада истиқомат қиларди. Ҳужрада биттагина шам милтираб турар, Мирам Чалабий ўзи йўқ, энаси Тиллабиби ғира-шира ҳужранинг тўрида тиззаларини қучоқлаганича пинакка кетган эди.

      Али Қушчи эшикни оҳиста ёпиб, орқага қайтмоқчи бўлди. Лекин Тиллабиби уйғониб кетиб, апил-тапил ўрнидан турди-да, қушдай пилдираб келиб, ўғлини бўйнидан қучоқлаб олди.

      – Қайларда юрибсан, бўталоғим?

      Саҳройи манғит уруғидан бўлган Тиллабибининг энг суюкли сўзи “бўта”, “бўталоғим” эди. Али Қушчи кулимсираб энасининг елкасини силади.

      – Ўзингиз қайдан келдингиз, энажон? Тун ярмидан ошгандур.

      – Энангни қўй, бўтам. Ўзинг сўйла: не бўлди, не қўйди?

      – Нени сўрайсиз, энажон?

      – Ҳаммаёқда шум хабар: султон Улуғбек тахтдан қулабдур. Барча маҳрамлари, барча шогирдлари қатлу қирғин бўлармиш…

      Кампир мижжаларида титраб турган ёш томчиларини сидириб ташлаб, дардли кўзларини ўғлига тикди. Сочлари оппоқ оқарган, юзларини қат-қат ажин босган бу муштдеккина кампирнинг нигоҳи чексиз меҳрга, унсиз бир изтиробга тўла эди.

      Али Қушчи кўнгли бир хил бўлиб, энасини оҳиста қучди, уни тинчитиш умидида бепарво кулган бўлди.

      – Бу ёлғонни қайси нобакор топмиш, энажон?

      – Нечун куласен? Бутун даҳа сўзлайди, бўталоғим. Раҳматли отанг айтгувчи эди: султонлардин олис юрмоқ даркор экан. Қирқ йил жаҳонгирга маҳрам бўлиб, унинг қароргоҳида мулозимлик қилиб не орттирдим? Бошимга бало орттирдим, холос, дегувчи эди…

      – Қўрқманг, энажон…

      – Қўрқмай не қилай? Султон Улуғбекка шогирд бўламан деб, не топдинг, бўтам? Топганинг китобми? Китоб деб, бефарзанд, сўққабош ўтасенми, бу дунёдин…

      – Насиб қилса бўлиб қолар, эна…

      – Қачон? Энанг ўлгандами?

      Одатда Тиллабибининг бу гапи Али Қушчининг ғашини келтирар, ҳатто баъзан кампирни силтаб ҳам ташлар эди, лекин бу сафар негадир юрагини зирқиратиб юборди…

      Али Қушчи энасини аранг тинчитиб, унга тўшак ёзиб бердида, хонадан чиқди.

      Тонг яқин. Обираҳмат томондан хўрозлар қичқириғи, итларнинг ҳуриши эшитилар, лекин осмон ҳали юлдузларга тўла эди.

      Али Қушчи ўйчан одимлаганича расадхонага кирди, эшик устидаги токчадан шам олиб ёқди-да, тик зиналардан юриб учинчи ошиёнага чиқди. Воажабо, у кутубхонанинг эшигини очиши билан юрагини чулғаб олган ғусса қайгадир тўзғиб кетди-ю, хаёлини қандайдир юксак бир туйғу асир этди. Гўё у кутубхонага эмас, бу чиркин оламдан тамом бошқа, ҳаётнинг икир-чикир ташвишларидан йироқ, мусаффо бир дунёга парвоз қилган эди…

      Жомиул улум24 аталмиш бу хазина учинчи ошиёнанинг иккита катта хонасини



<p>24</p>

Жомиул улум – илм хазинаси.