Название | Улуғбек хазинаси |
---|---|
Автор произведения | Одил Ёкубов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Али Қушчи унинг яғриндор бақувват қадди-қоматига, жулдури чиқиб титилиб кетган ҳирқасига тикилганича тўхтаб қолди, сўнгра бир-бир босиб масжиди жоменинг ён томонидаги тор кўчага бурилди…
Қаландарларнинг “Ё олло, дўст, ё олло”си узоқлашиб борар, лекин Али Қушчининг кўз олдидан дарвешнинг серсоқол юзи, аллақандай дардли нигоҳи кетмас эди.
Қаландар олис Ясси шаҳри, тўғрироғи, Ясси яқинидаги Қарноқ қалъасидан эди.
У бундан қарийб йигирма йил муқаддам, қипчоқ хони Бароқ ўғлон Сиғноқ ва Яссини босиб олган йили, бир гуруҳ йигитлар билан Мирзо Улуғбекдан мадад тилаб келган эди.
Ўша йили Сайҳун бўйларида Бароқхонга қарши бўлган жангу жадалда Қаландар мислсиз жасорат кўрсатиб, устодни ўлимдан асраб қолганлардан бири бўлган эди. Лекин бу юришда унинг энг азиз дўстлари – Ясси ва Сиғноқ йигитлари ҳалок бўлган, шу боисданми ё Мирзо Улуғбек қаттиқ мағлубиятга учраб, Ясси ғанимлар қўлида қолганиданми, хуллас, Қаландар сипоҳиликни тарк этиб, илм-фанни ихтиёр этган эди.
У сипоҳий кийимларини мадраса толибларининг саруполарига алмаштириб, бошига дастор ўраб, мадрасаи Улуғбекда, Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддин қўлида таҳсил олди. Илм соҳасида ҳам кўп зукко чиқиб, устоднинг меҳрига муяссар бўлди. Хусусан, туркийда кўп нафис шеърлар битди. Аммо бу орада (фалакнинг ўйинини қаранг!) ўз устози мавлоно Муҳиддиннинг қизи Хуршида бонуга ишқи тушиб қолди.
Мавлоно Муҳиддин одамийлик қилиб, шогирдини куёв қилишга ризолик билдирди, аммо отаси Хожа Салоҳиддин заргар фақир шоирни суюкли неварасига номуносиб топиб, шоирнинг раъйини қайтарди. Шу-шу серзавқ, дилкаш шоир тўсатдан ўзини ҳаммадан олиб қочадиган бир зоҳидга айланди. Сал ўтмай, у мадрасани тарк этиб, гадоликка юз тутди… Бу воқеадан кейин Али Қушчи уни бир неча бор кўрган эди, лекин Қаландар устодини кўрса ҳам кўрмаганликка олар, кўзларини юмиб, кулоҳлик бошини тебратиб, зикр тушганича ўтиб кетарди. Бугун нечундир ўгирилиб қаради, бош ирғаб таъзим қилгандай бўлди. Бу таъзим камоли ҳурматданми ё билъакс, таҳдид ишорасими?
Олисда, Кўксарой томонда ҳамон ноғоралар гумбурлар, карнайлар сурон соларди. Кўчалар, гузарлар ҳамон кимсасиз, осуда. Одатда бу маҳалда катта чарм мешларини бўйинларига осиб олган мешкобчилар кўчага сув сепиб, фаррошлар ҳаммаёқни ёғ тушса ялагудек қилиб супириб-сидириб қўйишар, сўнг кўчанинг икки юзидаги раста-раста дўконлар очилар, темирчилар қўраларга саксовул, кўмир қалаб, гуп-гуп босқон урар, норғул, паҳлавонжусса тақачилар осмонга сапчиган асов отларни зорли кишнатиб тақа қоқар; сангтарошлар мармар тошларни чўкичлаб, нақшинкор буюмлар ясашар; чархчилар учқун сачратиб пичоқ ва ойболта чархлашар; суяктарошлар қилич ва ханжарларга қимматбаҳо даста йўнишар; гиламдўз ва шоҳичилар; сандиқчи ва бешиксозлар, дурадгорлар, кулоллар, чилангарлар, мискарлар ишга киришар – ҳаммаёқ тарақ-туруқ бўлиб кетарди.