Название | Тушда кечган умрлар |
---|---|
Автор произведения | Уткир Хошимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
– Повесткангизни пишириб енг! Хоҳласам, генералнинг ўзи билан гаплашиб қўя қоламан!
– Марҳум Шоматовни биринчи бўлиб сиз…
– Ҳа-я, мен кўрганман! Такрор айтаман. Мени сўроққа чақирган бўлсангиз, адашасиз. Шунчаки коллега сифатида маслаҳат сўрасангиз бошқа гап.
– Сиз кўрганингизда Шоматов ўлганмиди?
– Бадани совуб бўлганди. Замонавий экспертизангиз Шоматов қачон ўлганини аниқлай олмадими?
– Саволни мен…
– Йиғиштиринг демагогияни! Сўроқ қилишни билмас экансиз. Умуман, системангиз айниб кетган. Тартиб йўқ. Тартиб бўлса, Шоматовни органга ишга олмас эдинглар. – Кечирасиз, гражданин… ўртоқ Комиссар… Бу гапларни сиз қаёқдан биласиз?
– Мен ҳамма нарсани биламан. Бу соҳада иш бошлаганимда сизнинг отангиз ҳам туғилмаган эди.
– Шоматов милицияда эмас, судда ишлаган. Оддий курьер бўлиб.
– Фарқи йўқ! Милиция ҳам, суд ҳам – орган! Пайти келиб ҳайдаладиган одамни органга ишга олмаслик керак.
– Шоматов ҳайдалган эмас, ўз ихтиёри билан бўшаган.
– Аҳамияти йўқ.
– Айтинг-чи, гражданин… ўртоқ Комиссар… сизнинг тахминингизча, марҳум Шоматов билан рўй берган ҳодисада қайси тахмин ҳақиқатга яқинроқ туради: қотилликми? Бахтсиз ҳодисами ё ўз жонига қасд қилишми?
– Гапни шундан бошлаш керак эди!.. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Менга қолса биронтаси аввал ўлдириб, кейин деразадан ташлаб юборган.
– Экспертизанинг аниқлашича, марҳумга биров пичоқ урмаган. Боши ёрилган, бўйин умуртқалари синган. Марҳум баланд жойдан боши билан тушсагина бўйин умуртқалари шу қадар эзғиланиб кетиши мумкин.
– Демак, Шоматов ўз жонига қасд қилган, демоқчими экспертизангиз?
– Бу – аниқ хулоса эмас.
– Унақа бўлса, марҳамат килиб, битга саволга жавоб берсангиз. Шоматовнинг атрофида ойна синиқлари сочилиб ётган эди. Экспертизангиз ойна бўлаклари тўртинчи қаватдаги, Шоматов квартирасининг деразасидаги ойнага мос келиш-келмаслигини аниқладими, ё шунгаям ақли етмадими?
– Бизни камситяпсиз, ўртоқ Комиссар! Ерда сочилиб ётган ойна синиқлари ўша деразадан тушган. Марҳумнинг билагини ҳам ойна синиғи тилиб юборган.
– Хэх! Бўлмаса айтинг-чи, Шоматов жонига қасд қилиб, ўзини ерга ташлаган бўлса, уйдаги жиҳозларни ким синдирди? Қайси аҳмоқ ўлишидан олдин ойнани синдириб, ўз билагини ўзи кесиб ўтиради? Шунчаки, деразани очиб, ерга сакраб қўя қолмайдими?
– Демак, сиз қотиллик рўй берган деб тасдиқлайсизми?
– Мен ҳеч нима деганим йўқ, коллега. Илинтиришга уринмай қўя қолинг.
– Йўқ, мен бошқа маънода… Яъни… биронтасидан гумонингиз бўлса…
– Гумонми? Гумоним – ҳаммадан! Эшитдингизми? Ҳаммадан! Сизга ҳам шуни маслаҳат бераман! Юз фоиз ҳаммадан, ҳатто ўзининг хотинидан, боласидан гумон қилмайдиган одамдан ҳақиқий чекист чиқмайди! Аввало Шоматовнинг ўзидан гумон қилиш керак!
– Яъни… Қайси маънода?
– Балониям билмайсанлар! Ҳайронман, институтларингда