Название | Тушда кечган умрлар |
---|---|
Автор произведения | Уткир Хошимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
ТЕРГОВ ҲУЖЖАТИДАН
Шоматова Шаҳноза. Йигирма бир ёшда. Олийгоҳнинг тўртинчи курс талабаси. Миллати – ўзбек. Турмуш курган. Аввал судланмаган. Қатортол мавзеси, 9-уй, 23-хонадонда истиқомат қилади.
– Сиз марҳум Шоматов Рустамнинг хотини эканлигингизни тасдиқлайсизми?
– Ҳа.
– Тўйинглар қачон бўлган?
– Шу йили ёзда.
– Аниқроғи?
– Саккизинчи август куни.
– Ҳозир турган уйларингга қачон кўчиб келгансизлар?
– Сентябрнинг охирида.
– Унгача қаерда тургансизлар?
– Қайнонамникида. Пскентда.
– Ҳовлинглар каттамиди?
– Нима десам экан… Эл қатори ҳовли…
– Гражданка Шоматова, айтинг-чи, нима учун Пскентдаги ҳовлида турмай, Тошкентга кўчиб келдингизлар? Қайнонангиз билан орангиз бузилдими?
– Ойимлар билан аҳил эдик.
– Овсинингиз билан-чи?
– У киши билан ҳам.
– Бўлмаса нега…
– Ҳар куни олтмиш чақиримга қатнашимиз керакмиди?
– Бир нарсага келишиб олсак, гражданка Шоматова… Саволни мен бераман! Олтмиш чақиримга қатнаш оғирлик қилган бўлса, нега талабалар ётоғидан жой олмадинглар?
– Рустам акам хоҳламадилар. Алоҳида уй олиш учун ҳаракат қилдилар.
– Шоматов бир вақтлар судда ишлаганидан хабарингиз борми?..
– Айтгандек бўлувдилар.
– Ишдан нега кетган экан?
– Аниғини билмайман.
– Сиз тўртинчи қурсда ўқийсиз. Эрингиз иккинчи курсда бўлган…
– Агар Афғонистонга олиб бориб, урушга солишмаса, Рустам акам ҳам тўртинчи курсда бўлардилар.
– Тушунарли… Эрингиз Афғонистонда хизмат қилган, байналмилал жангчи сифатида ўзига берилган имтиёзлардан фойдаланган… Навбатсиз уй олган…
– Рустам акам у ёққа борганларини дастак қилганларидан менинг хабарим йўқ.
– Бўлиши мумкин…
Айтинг-чи, эрингизнинг асаби жойидамиди? Контузия бўлган, яраланган экан… Йиғлашнинг ҳожати йўқ.
– Жаҳллари ёмон эди… Аммо «у ёқ»даги гапларни ҳеч гапирмасдилар! Ярадор бўлганлариниям тасодифан билганман. Белларига ўқ теккан экан. «Ойимга айтма, шунчаки, дайди ўқ ялаб ўтди», деганлар.
– Йиғламанг… Марҳум эрингиз билан кўпдан танишмидингиз?
– Биринчи курсдан бери…
«СОВУҚНИ ЁМОН КЎРАРДИЛАР»
Шаҳноза мелисахонанинг файзсиз йўлакларидан ўтиб бораркан, ҳеч кимни кўрмас, ҳеч нимани эшитмас эди. Гувоҳ сифатида «повуска» олганидан бери аяси нуқул қулоғига қуяди: «Гапингни билиб гапир, жон болам, тағин сениям оёғингдан тортиб юрмасин!» Дадаси хавотирда. Кеча «начальник»ка қўнғироқ қилмоқчи эди, аяси бобиллаб берди: «Нима қиласиз подадан олдин чанг кўтариб! Мелиса «гуноҳи бўйнида эканки, типирчилаб қопти», демайдими! Нима, Шаҳноза эрини бўғиб ўлдирибдими?!»
Шаҳноза зиналардан тушиб бораркан, вужудида аллақандай