Название | Қуёш ботаётган пайт |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-96-1 |
– Йўғ-е, наҳотки… ахир марксизм ва ленинизм ғоялари билан қуролланган коммунистик мафкурамиз хусусий мулкка қарши эмасми? – деб сўради ўзини Абдулла Қаҳҳор сингари иштирокиюн фирқасининг оддий аскари эмас, онгли аъзоси, деб ҳисобловчи, ихтисосига кўра адабиёт муаллими бўлса-да, ҳарқалай олий маълумотли чўпон Ҳаким Ўнгалович.
– Замона зайли билан сиёсат ўзгармоқда. КПСС Марказий қўмитасининг Бош котиби, ҳаммамиз учун ҳурматли Михаил Сергеевич Горбачев партиямизнинг кейинги ёпиқ пленумидаги ёрқин ва сермазмун нутқларида таъкидладиларки, энди бизда мулкчиликнинг турли шакллари жорий этилади. Яъниким, давлат, жамоа мулки билан бир қаторда хусусий мулк ҳам бемалол мавжуд бўлади. Бу гап ҳали сир. Фақат партиянинг турли бўғинлардаги раҳбарларигагина маълум. Мен эса қўрқмасдан сизга айтяпман. Чунки, аввало… узоқроқ бўлса ҳам хешмиз, бунинг устига ана шу ақраболикни янада яқинлаштириш билан боғлиқ эзгу ниятларимиз ҳам йўқ эмас, қолаверса, оғзи маҳкам, садоқатли ва фаол коммунистларимиздансиз. Шунинг учун… манови мукофотга ҳам айнан сизни тавсия этмоқчи бўлаётганим мутлақо тасодифий эмас. Аммо-лекин… мавриди келганда сиз томонингиздан ҳам бир… хизмат талаб этилади.
– Бажонидил, бўла, агар қўлимиздан келса…
– Биринчидан, бўла эканимизни минбаъд партия ва ҳукумат идораларида лақиллаб юрманг, иккинчидан, хизматнинг маъноси шундан иборатки, кичкина бўлангиз, яъни укам Бойқувватбой: “Ака, анови… Ҳаким бўланинг отари яқинидаги қаровсиз, ташландиқ боғларни хусусийлаштириб берсангиз, бобомиздан қолган боғларни бир обод этсам”, деб илтимос қилувди. Дарвоқе, асли ўша боғлар бизнинг бобокалонимиз, яъни Ўташ бобонинг бобосининг бобоси Ярашбой чорвага тегишли бўлганини эшитгансиз-а?
– Афсус, эшитмаган эканман, – деди коммунист чўпон.
– Эшитмаган бўлсангиз, мана, мендан эшитдингиз, тўғрими? Мен, кимсан туман коммунистларининг сардори сизга ўтрик гап айтишга ҳаққим йўқку, тўғрими?
– Ҳаққингиз йўқлиги тўғри, – деди чўпон ва беихтиёр мийиғида истеҳзоли жилмайди.
– Довдирлигингизни қилмасдан тўғри гапиринг-да, бўла, мабодо… ўша эгалик ҳақида бобокалонимиздан қолган васиқани тополмаган тақдиримизда ҳам… шунча йилдан бери халқнинг оғирини енгил қилиб юрган киши сифатида камина давлатдан кичкинагина бир мулкча талаб этишга ҳақлиман-ку, тўғрими? Қолаверса… бу ҳақдаги қарор кучга киради-ю, қачон амал қила бошлайди, ҳеч ким билмайди. Хуллас, ўша масалада бизни астойдил қўллаб қувватлайсиз, керак бўлса, ерли чорвадор ҳамкасбларингиздан ёзма розилик олиб берасиз, деган умиддаман.
– Кучга кираверсин-чи, нарёғи бир гап бўлар, – деди Ҳаким ака