Название | Қуёш ботаётган пайт |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-96-1 |
– Сен нима, деб ўйловдинг, бойвучча, орден-медал фақат режани қоғозда бажариб, амалда катталарнинг чўнтагини тўлдириб юрганларга бериладими? Йўқ-да! Энди замон бошқа: қайта қуриш, жадаллаштириш, ошкоралик, хушёрлик, яъни ичкиликсизлик, камчилик ва нуқсонларга муросасизлик ва ҳоказо. Энди… ниҳоят ҳақиқат ва адолат барқарор бўлади. Нега, деб сўрагин-а!
– Нега?
– Чунки…энг юқоридаги раҳбар, – қўлини осмонга бигиз қилган кўйи овозини пасайтириб, юзига жиддий тус бериб деди Ҳакимбой чўпон, – ўзимиздан бўлди.
Мусаллам бону опамиз оддий чўпоннинг аёли бўлса ҳам мунтазам телевизор кўрар ва инчунин сиёсатдан яхши хабардор эди:
– Горбачовни айтасизми, қанақасига у ўзингиздан бўлади?
– Тилбузарда сер солиб қарамабсан-да, худди ўзимизнинг қўшни қишлоқнинг одамига ўхшайди-ку.
Қўшни қишлоқнинг номи Бешкал эди. Заифа эрининг аскиясини тушунмади.
– Нимаси ўхшайди?
– Боши ўхшайди, боши-и, кейин пешонасидаги нори, э-э, ўқимаган, – деди оддий чўпон бўлиши билан биргаликда коммунист ҳам эканлиги баногоҳ эсига тушди ва қилмоқчи бўлган ҳазилидан тийилди. – Ўзимизнинг Нортожи чўпонннинг қуйиб қўйган нусхаси экан. Аммо бир хавотирим бор-да. Эски китобларда ёзилишича, тепасида туки йўғу манглайида нори бор подшоҳ келса, сигирлар эгиз туғиб (чорвадор халқларда бу унчалик хосиятли ҳодиса ҳисобланмас экан), дарё-ю денгизлар қуриб, қаҳатчилик бўлармиш. Илоҳим оғзимдан ел учирсин. Майли, ҳозирча берадурғон мукофотини олатурайлик-чи, нарёғига худо пошшо. Эмасам, мен бир Нуровотга тушиб келайин. Дарвоқе, қанақа мукофот бўлсайкин?..
Табиийки, Ҳаким чўпон туманга, бўлгандаям, шахсан туманбошининг мўътабар ва муҳташам кабинетига буюрган ташрифи давомида бу саволга жавоб топди. Аниқроғи, ҳозирги ном билан атасак – ҳоким, ўша даврлардаги эл тилидаги истилоҳни қўлласак – райқўм бово томонидан муруввату ҳиммат кўрсатиб қилинган таклифга иккилана-иккилана розилик берди. Қаранг-а! Туманбоши мукофот таклиф этибдилар-у оддий чўпон икккилана –иккилана рози бўлганмиш. Шу гапга биров ишонадими? Ҳозир айтсак, сиз ҳам ишонмаслигингиз мумкин. Ана шундан андиша қилароқ, шахсий хотинининг таъбирига кўра ўртамиёна бир чўпонга таклиф этилган сийлов нима эканини сал кейинроқ билдирсак майлими? Ҳозир эса ҳикоямиз маромидан бирмунча илгарилаб, Ҳаким чўпоннинг тумандан қайтаётганида йўл-йўлакай қилган бир сайри боғи тафсилотига ошно бўлайлик. Зероки бу тасодиф эмас, унга болалигидан қадрдон бўлган ушбу жаннатмонанд гўша, зиддият ва ҳикматга тўла бу маконул маъвоатрофида ҳикоямизнинг давомида анча-мунча жиддий баҳсу мужодалалар юритишимизга тўғри келади.
2
Нуровотдан қайтаётган Ҳаким чўпонқўрғонига етишига бир қир қолганида от жиловини тўсатдан чапга, Ҳаётбоши этакларига туташган Сувлидара боғлари тарафга бурди. Бурди-ю, яна ўзини ўзи аччиққина ҳажв қилиб ўйлади: умр бўйи яйлов кезиб юрган, дашт шамолидан вужуди сурланиб, тузқоқ