Название | АСАРЛАР (I жилд) |
---|---|
Автор произведения | Сирожиддин Саййид |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-859-3 |
Мевалари аччиқ бўлади…
НЕГА?
Нега армон дедим юракда
Яшолмаган армонларимни?
Нега китоб қилиб чиқардим
Ёзилмаган достонларимни?
Нега кунларимга қўшдим мен
Яшамаган дақиқаларни?
Нега исботладим ҳақиқат дея
Ҳақиқат бўлмаган ҳақиқатларни?
Ҳеч ким термаган-ку рақамларини,
Бу телефон чинқирар нечун?
Учмаган бу самолётларда
Нима учун мен кетдим учиб?
У келинчак йўқ-ку, нимага
Кўзлари бор ҳасратларимда?
Нима учун исм қўйдим мен
Туғилмаган фарзандларимга?
Нега мен ичмаган қасамлар
Кечалари мени қийнайди?
Тақдир сизга тош отар,
Нега
Менинг ойналарим синади?!.
АСКАР
Йиқилди
(Тонг эди).
Навқирон эди.
От жиловин қўйвормасдан берди жонини.
(От силтанди.
От кишнади,
От ёллари қон эди).
У ўлимдан сақлаб қолди
балки менинг тонгимни.
У йиқилди.
Ўз йўлидан кетар эди жимгина йўллар.
Сувлар жим оқарди.
Тоғлар жим сесканди.
Фақат олис Фарғонада безовта еллар…
Еллар бир нарсани сезганди…
У йиқилди.
Кўзларидан сўзлар сўнг бор тикилди:
“Замон, тушун!
Замин, тушун!
Она, тушун!
Ёр тушун!
Йиқилмасам бўлмас энди…”
Кутмади у,
Йиқилди.
У йиқилди
Мен ва сизлар қад ростлаб юрмоқ учун.
Тутун ўрлай бошлаганда Бойсун ўчоқларидан,
Дафн этдилар.
Оқ яктаклар мисол юзиб келар эди булутлар.
Тепалар кўп эди бунда…
Яна кичик бир тепа
Пайдо бўлиб қолганини кўрди кўкда бургутлар…
Энди…
Ҳар гал бу воҳага қадам босганимда мен,
Тепалармас,
Кўз олдимга ўркач-ўркач армон келар.
Кишнаб ўтар экан уюр,
Кўз олдимга отлар эмас,
Ёллари қон замон келар,
Қўллари қон замон келар.
Асрим эса қаримоқда
қўмсаб майсалар ҳидин.
Аскарларнинг кўкрагида лолалар кўрган
Асрим қаримоқда…
Унинг ёшлиги
Бойсун этагида жон берган.
«Овозларни тутавер…»
Овозларни тутавер
Қулоқлар – микрофонлар.
Ўтаверар, ўтаверар
Одам-магнитофонлар.
Келаётганлар ёзилади,
Ёзилади кетганлар.
Тақдирларни кўчиради
Миядаги ленталар!
Кетаяпти! “Тўхта” дегин,
Муножот қил, ёлборгин.
Кўчириб қол юрагингга
Бу гулларни, баҳорни!
Эрта тополмайсан ҳатто
Капалак қанотин ҳам.
Майсаларни, капалакни
Кўчиргин ҳаётингга!
Ақлдан оз,