Название | АСАРЛАР (I жилд) |
---|---|
Автор произведения | Сирожиддин Саййид |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-859-3 |
Йўллар – тилаклар учун!
Замондош қиличлар бор ҳали,
аммо
Ҳали Оғриқ яшар – менинг энг буюк
Замондошим бўлиб, эслатиб яшар
Энг буюк бурчларни,
Буюк қарзларни.
Ярим тун,
Қўшиқлар қувади мени.
Ярим тун,
сўзлар туғилади, сўзларки!
Олмалардай бергим келар севишганларга!
Қалбни жунжиктирмас совуқ осмонлар,
Шамоллар,
шамоллар эсар юртингдан.
Ҳали учрашамиз хотираларда
Зангори шамоллар тусида.
ТАЛАБАЛИКДАН СЎНГ
Қалам қоғоз узра қитирламоқда,
Юлдузлар хатарнок жимирламоқда,
Барглар айрилиқдан шивирламоқда,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Дунёни забт этган қадим тангалар,
Давру давронлардан сўйлаб жаранглар.
Бизни кутмоқдадир қандай найранглар,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Яшил адирлардан лолалар кетган,
Олис тепалардан болалар кетган,
Дилларнинг қирраси кузларга етган,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Букун далалардан дараклар йўқдир,
Кўнгиллар ин қурган дарахтлар йўқдир,
Умрдан энг гўзал варақлар йўқдир,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Бизнинг номимизга ёзмаслар қўшиб,
Гоҳ мискин янградик, гоҳида жўшиб,
Бир бўғиздан чиққан икки хил қўшиқ –
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Илғайман: аввалги таронам йўқдир,
Боисин айтмоққа баҳонам йўқдир.
Бу олам – маъниси мушкул туюқдир,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Кимдир ризо биздан, кимдир норизо.
Сўзлар хилватини сен манзил этгил,
Мен дардимни айтай, сен таҳлил этгил.
Қадим қумликларда ‒ қадимий ёдим,
Қадим Бақтрия, қадим фарёдим ‒
Сенинг тарихингдир, менинг ҳаётим,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Қалам қоғоз узра қитирламоқда,
Юлдузлар хатарнок жимирламоқда,
Барглар қиёматдан шивирламоқда,
Биз қайси оламга кетаётирмиз?
Кетган сайин ортга қайтаётирмиз –
Беҳзод рангларидай қирмиз йилларга,
Сўфи Оллоёрлар, Термизийларга.
СОҒИНЧ
Менга жуда таниш,
Менга қадрдон,
Дийдори мен учун суюмли,
ширин,
Кимдир чиқиб келаверар дарадан,
Чиқиб келаверар ҳар тун бетиним.
Эски чопонидан бир ҳидлар келар,
Менга таниш ҳидлар…
Жон ўртанади!
Чиқиб келаверар толиқиб,
беҳол,
Ғариб ялангликда жим ўлтиради.
Соатлаб ўлтирар,
Қора қиблага,
Тоғлар меҳробига термулар,
қўрқар.
Сўнг ялангликдаги қуруқ чўпларни
Териб, йиғиб у гулхан