Название | АСАРЛАР (I жилд) |
---|---|
Автор произведения | Сирожиддин Саййид |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-859-3 |
Шу тоғларда сўлган.
Қайдадир топ-тоза, оппоқ уйлар бор,
Ёруғ хоналарда – ёруғ чеҳралар
Кулишиб, тўлишиб, сочларин ёйиб
Кўзгуга қарашар шому саҳарлар.
Дарду ҳасратинг ҳам,
Қисматинг ҳам – Дашт.
Чакмон кийган ғарам – сенинг эрингдир.
…Серёмғир шаҳарнинг аэропортида
Кўз олдимга келдинг, кўчманчи тақдир:
Ўтов. Қуриётган чориқлар. Чўпон
Чарчаган. Ухлайди – кўксида таёқ.
Сурув ичра кезар тўлғоқ сезгиси,
Тун бўйи кўзини юммайди ўчоқ.
БОБОТОҒ ГУЛХАНЛАРИ
Мен сизни эсласам – соғинчларимда
Бошланади иссиқ паллалар.
Ям-яшил маъвога айланар бирдан
Руҳимдаги дашту далалар.
Ёруғ дунё янглиғ ёришар кўнглим,
Йиллар айланади,
Гуллар чайқалар.
Мен сизни эсласам –
Хас ҳам азиз кўринади,
Ватанга айланар олис чайлалар.
Қанча нурсиз дардлар мунаввар бўлгай,
Не сўнгсиз ҳасратлар кетгайлар тиниб.
Мен сизни эсласам – англайман
Юрагимнинг моҳиятини:
Ёнмоқ, бировларни иситмоқ бахти!
Умримни шу бахтга бағишлайман мен.
Сиз берган нурафшон туйғуни эса
Сомон йўлларига алишмайман мен.
ТЕЛЕВИЗОР БИЛАН СУҲБАТ
Ўша кун сўрида ўтиргандим мен,
“Алпомиш”,
“Гўрўғли”,
“Авазхон” тинглаб.
Сен менинг ям-яшил болалигимга
Кирдинг ёлғизгина зангор кўз билан.
Кирдинг,
эгалладинг дарс столимни.
Дўмбиралар тинди.
Тинди замонлар.
Саллалар қаршингда лол қотди.
Боқди.
Соқолларда – чала достонлар!
Мени достонлардан жудо айладинг,
Бийрон сўйлар эди ўша кун тилинг:
Бола, тулпорларни нима қиласан,
Бола, ёнимга кел, мана мултфилм!..
Отини кишнатиб Авазхон кетди,
Ёлларида шамол – менинг кунларим.
Саллалар бирма-бир ғойиб бўлдилар,
Сен ҳамон тириксан –
порлар нурларинг.
Умрлар емрилар.
Қисматлар сўнар.
Хазон, хазон, хазон бўлади диллар!..
Сенинг ёлғиз кўзинг
сўнмас ҳеч қачон,
Сен тирик яшайсан ҳали минг йиллар!
Дарсларим чинқирди дафтарларимда,
Мени китоблардан айладинг жудо.
Мени тортиб олдинг осмонларимдан,
Бугун осмон бўлдинг,
Бугун сен – Худо!
Сенга термулади ҳиссиз гавдалар,
Сенга маҳлиёдир жонли халталар.
Болалар юзингга тупургай баъзан,
Мултфилм кўради катталар.
Бугун жаҳонларни айладинг ишғол,
Жаҳонгир!
Нурларинг бунча турланар.
…Ажаб одамлари бордир дунёнинг –
Хотинини қўйиб, сенга уйланар.
МУТОЛАА
Сен ўқийсан