Название | Танланган асарлар: 1-жилд |
---|---|
Автор произведения | Ўткир Ҳошимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Анчадан кейин у оғир-оғир қадам товушини эшитиб, бурилиб қаради. Зуфар Ходиевич яқин келиб, ёмғирпўшини ерга ташлади-да, ёнбошлади. Чамаси, у чарчаган шекилли, чуқур-чуқур нафас олар эди.
Яна узоқ вақт икковларидан садо чиқмади. Алимардон қайрилиб қарамаса ҳам, Зуфар Ходиевич муштугига сигарет қўндирилганини, гугурт чизганини билиб ётди.
– Тўй яхши, ўтгандир?..
“Бари бир гап очди-я”, деб ўйлади Алимардон вужуди қақшаб. Ҳозирги қувончидан нишон ҳам қолмади. Бошини кўтариб бурилиб қаради. Зуфар Ходиевич ёмғирпўшига тирсагини қўйиб ёнбошлаб ётар, сигаретнинг тутутнига ўйчан тикилиб қолган эди.
Алимардон ўзи ўйлаб қўйган баҳона фойдасиз эканлигини тушунди-ю, ростини айтди:
– Қалин ўртоғим эди, ҳеч қўймади. – У бир нафас жим қолди-да, айбдор оҳангда қўшиб қўйди: – Биламан, Зуфар ака, одамлар концертга мени деб киришади. Кеча келмаганим ёмон бўлди.
– Шунақами?.. – Зуфар Ходиевич ҳамон сигаретдан кўз узмай, негадир кулди. Алимардон бу кулгида ҳар галгидек жаҳл ҳам, заҳарханда оҳанг ҳам йўқлигини сезди. – Йўқ, Алимардрон, одамлар концертга сизнинг ашулаларингизни эшитиш учунгина келмайди. – У Алимардоннинг кўзларига ўйчан тикилиб, яна қайтарди: – Фақат сизни деб келмайди…
Алимардон кейинги пайтларда одамлар ўзини илгаригидай олқишламаётганини эслади-ю, қайсарлик билан қошини чимирди.
– Бўлса бордир, концерт менсиз ҳам ўтдими ахир? Зуфар Ходиевич унинг киноясини пайқамагандек хотирдам ўтирар, унинг кўзларида Алимардон ҳали ҳеч кўрмаган бир туйғу – ачиниш тўла туйғу бор эди.
– Театрда ўттиз йилдан бери ишлайман, – деди у ҳамон ўша сокинлик билан. – Истеъдодини қурбон қилган кўп санъаткорларни кўрдим. Сиз ҳам шундай бўлманг, дейман-да…
Алимардон ҳали ҳеч кимдан эшитмаган, аммо юрагининг бир бурчи билан сезиб юрган ҳақиқатни бирдан ҳис қилди-ю, шиддат билан қаддини ростлаб ўтириб олди. Зуфар Ходиевич сигарет қолдиғини улоқтириб ташлади. Муштугини шимининг чўнтагига солиб, Алимардонга қараб қўйди.
– ўзингиз айтинг, бир йилдан буён лоақал битта янги қўшиқ айтдингизми? Томошаларингизда одамлар нима учун кун сайин камайиб бораётганини ўйлаб кўрдингизми?
Йўқ, Алимардон буларни ўйламаган эди. Аммо ғира-шира тушунарди. Шундай пайтларда ҳар доим ўзини битта нарса билан юпатарди. Ҳозир ҳам шуни айтди:
– Менга ҳақиқий томошабин керак. Санъатни тушунадиган томошабинлар керак.
Зуфар Ходиевич яна кулди. Аммо бу кулги аламли бир нидога ўхшар эди.
– Энг баланд карсак чаладиган, полни тепкилаб олқишлайдиган, гул тутадиган томошабинларми?
– Балки шунақадир, – деди Алимардон хотиржам гапиришга уриниб.
– Худди шунақа, энг қаттиқ қарсак чаладиган томошабинлар сизни энг аввал унутади. Ҳақиқий томошабинлар ҳақиқий санъатни олқишлайди.
“Бўлмаса