Название | Танланган асарлар: 1-жилд |
---|---|
Автор произведения | Ўткир Ҳошимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Келин тарафдан келган қиз-жувонлар ўртасида шивир-шивир гап юриб қолди.
– Автобус кетаётганмиш…
Муқаддам Лобарни билагидан оҳиста тутиб, секингина шипшиди:
– Мен ҳам кетаман.
– Ётиб қоламан, демаганмидинг? – Лобарнинг астойдил хафа бўлгани овозидан билиниб турарди.
Муқаддам чиндан ҳам Мардон акасига “Бугун қайтмайман” деган, ҳозир ҳам беқарорлик қилиб, Лобарни ташлаб кетгиси келмас, аммо қўлида ухлаб қолган Шавктани ўйлабми, кўнглида тушуниб бўлмас бир ғашлик уйғонгани учунми, фикридан қайтган эди.
– Йўқ, кетмасам бўлмайди.
У секин сирғалиб чиқди-ю, ташқарига йўл олган хотинларга эргашди.
Чорак соатлардан кейин автобус чироқлари пасту баланд тоғ йўлларини авайлаб пайпаслаганча юриб кетди.
Муқаддам ўз дарвозаси олдига етиб келганида тун ярмидан оғган, ой аллақачон ботиб кетган эди. Деразалари ҳам, дарвозада ҳам чироқ кўринмасди.
– Аданг ишдан келмабдилар, – деди Муқаддам худди тушунадигандай Шавкатга қараб. У йўлда уйғонган, аммо ғингшимай жимгина келаётганди.
Муқаддам дарвоза пештоқидаги тешикчага чўзилиб қўл суқди. Калит йўқ эди.
“Ташлаб кетмабдилар-да, – деди у пичирлаб. – Вой, эсим қурсин, ўзимда ҳам бор-ку”. У кетаётганида калитнинг биттасини ташлаб кетганини, иккинчисини ёмғирпўшининг чўнтагига солиб олганини эслади.
Ҳаво очиқ бўлгани учунми, салқин шамол эсиб турарди. Муқаддам боланинг шамоллаб қолишидан чўчиб, шоша-пиша эшикни очди. ўиштин зиналардан айвонга чиқди. Чироқни ёқди.
Худди шу пайт ётоқхона ичида чироқ ёнгани эшик ойнасидан кўринди. Ичкаридан калит шиқирлаб, эшик ланг очилиб кетди.
Муқаддам қўрққанидан бирдан орқага чекинди. Болани ташлаб юборай деди. Эшик олдида ич кийимдаги Алимардоннинг гавдаси кўринди.
– Одамнинг юрагини ёриб юборай дедингиз! – Муқаддам эркалаш оҳангига тўлган овоз билан Алимардонни койиди. Кейин жилмайиб Шавкатни баланд кўтарди. – Мана, бизлар келдик…
У Алимардоннинг чеҳрасига қаради-ю, қўрқиб кетди. Эрининг турқи шу топда даҳшатли бўлиб кетганди. Унинг ранги қув ўчган, негадир титрар, кўзларининнг қорачиғи кичрайиб, дум-думалоқ бўлиб қолганди. Ниҳоят, унинг тили калимага келди:
– Муқад…
Муқаддам ҳайрон бўлиб, ичкарига мўралади. Аввалига ҳеч нима тушунмади. Диван-каравот устида қўрқувдан шумшайиб ўтирган ярим-яланғоч хотинни кўрди-ю, бирдан ҳаммасига тушунди.
– А-а-а! – деб қичқириб юборганча, даҳшат ичида орқасига чекинди. Айвоннинг бурчак-бурчаклари, жимжит ҳовли изтиробли чинқириқдан ларзага келди.
– А-а-а!!
Шавкат қўрқиб кетиб, чириллаб йиғлай бошлади. Муқаддам уни бағрига босганча ҳовлига отилди…
… Алимардон турган ерида ҳайкалдай қотиб қолган, ҳозир нимадир қилиш кераклигини, қандайдир муҳим, жуда муҳим бир иш қилиш зарурлигини билар, аммо ўйлаб топа олмасди. Ҳа, топди! Шавкатни