Название | Тирилиш |
---|---|
Автор произведения | Лев Толстой |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-5841-0-5 |
– Э-ҳа, сиз ҳам қўлга тушибсиз-ку, – дея қаҳ-қаҳлаб кутиб олди Петр Герасимович уни. – Чап беролмапсиз-да?
– Чап беришни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ, – деди Нехлюдов бирдан қовоғини солиб.
– Бу шон-шарафли иш, лекин ҳали шошмай туринг, оч қолганингиз устига яна уйқудан ҳам қолдиришсин, ана унда бошқача сайрайсиз, – деди Петр Герасимович аввалгидан ҳам қаттиқроқ хахолаб.
«Бу попвачча ҳозир мени сенсирашдан ҳам тоймайди», деб ўйлади Нехлюдов ва қовоғини солиб, худди ҳамма қариндош-уруғлари ўлиб қолганидан эндигина хабар топган одамдек тумтайиб нари кетди ва жон-жаҳди билан алланарсаларни ҳикоя қилаётган сочи қирилган басавлатгина новча жаноб ёнига тўпланган одамлар тўдасига бориб қўшилди. Бу жаноб ҳозир фуқаро бўлимида бораётган суд иши ҳақида гапирар, ўзини бу ишни ипидан-игнасигача билиб олгандек қилиб кўрсатар, судьялар ва машҳур адвокатларни исми ва отасининг оти билан айтиб ҳикоя қиларди. У бир машҳур адвокат усталик билан ишни бошқача қилиб юборганини сўзларди. Натижада судлашган томонлардан бири – кекса бека, бутунлай ҳақли бўлишига қарамай, энди бекордан-бекорга иккинчи томонга жуда кўп пул тўлашга мажбур бўлибди.
– Жуда уста адвокат! – деяр эди у.
Унинг сўзларига ҳурмат билан қулоқ солишарди, баъзилар ўз мулоҳазаларини қўшиб қўйишга уринишар, аммо у, ҳаммасини фақат ўзигина биладигандек, уларнинг гапини шартта бўларди.
Нехлюдов судга кеч келганига қарамай, кўп кутишга тўғри келди. Суд аъзоларидан бири ҳалигача етиб келмагани учун иш кўрилмай турар эди.
VI
Раислик қилувчи барвақт етиб келди. У баланд бўйли, бакенбардига оқ туша бошлаган семиз киши эди. У уйланган бўлса-да, хотини сингари бузуқи одам эди. Улар бир-бирларига халақит беришмасди. Бугун эрталаб у