Тирилиш. Лев Толстой

Читать онлайн.
Название Тирилиш
Автор произведения Лев Толстой
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5841-0-5



Скачать книгу

ичгани кириб турар, Матрёна Павловна ҳузурида ўтадиган бу суҳбатлар жуда гаштли бўларди, ёлғиз қолганларида гаплашиш оғир туюларди. Бундай пайтларда кўзлар оғиздан чиққан сўзлардан кўра бошқа, муҳимроқ нарсаларни гапиргандек бўлар, лаблар бужмаяр ва негадир даҳшат босиб, улар дарров ўринларидан туриб кетар эдилар.

      Биринчи марта аммалариникига келиб турган кезда Нехлюдов билан Катюша ўртасидаги муносабат ана шундай эди. Аммалари бу муносабатни пайқаб қолиб қўрқиб кетишди ва ҳатто, чет элга княгиня Елена Ивановнага, Нехлюдовнинг онасига хат ёзиб ҳам юборишди. Аммаси Марья Ивановна Дмитрий Катюша билан алоқа қилиб қўймасин, деб қўрқарди. Лекин унинг қўрқиши ўринсиз эди, чунки Нехлюдов, ўзи буни билмагани ҳолда, Катюшани пок муҳаббат билан севар, унинг севгиси ўзини ҳам, қизни ҳам бузилишдан асрар эди. Унда қиздан ўз ҳирсини қондириш мақсадида фойдаланиш истаги у ёқда турсин, ҳатто қизга нисбатан шундай муомалада бўлиш мумкин, деган фикрнинг ўзи йўқ эди. Буни ўйлаганда уни ваҳима босарди. Шоиртабиат Софья Ивановнанинг, ўз сўзли ва иродали Дмитрий қизни севиб қолиб, унинг зотини ва кимлигини суриштирмасдан унга уйланиб қўймасайди, деб хавотирланиши асослироқ эди.

      Агар Нехлюдов Катюшага бўлган муҳаббатини ўша вақтда аниқ тушуниб олганда ва хусусан ўша вақтда унга, тақдирингни бу қиз билан боғлашинг асло мумкин эмас, деб уқдиришга уринганларида эди, у ўзига хос дангаллик билан, эҳтимолки, қизни севганимдан кейин унинг кимлигидан қатъи назар, уйланмаслигимга ҳеч қандай сабаб йўқ, деган қарорга келиши мумкин эди. Аммо аммалари унга ўз шубҳаларини билдиришмади ва у, қизга бўлган муҳаббатини англаб етмасдан бурун жўнаб кетди.

      У Катюшага бўлган ҳиссиётини ўша вақтларда бутун вужудини тўлдирган ҳаёт шодлиги туйғусининг бир тури деб ўйларди, шу гўзал, хушчақчақ қиз унинг туйғуларига шерик бўлган эди. У кетаётганида, Катюша аммалари билан бирга пиллапояга чиқиб, хиёл ғилай, қоп-қора кўзларидаги жиққа ёш билан уни узатиб қолганда, Нехлюдов энди ҳеч қачон топиб бўлмайдиган қандайдир энг гўзал, қадрдон нарсасини ташлаб кетаётгандек ҳис қилди. У жуда хафа бўлиб кетди.

      Нехлюдов Софья Ивановнанинг тепасидан қараб:

      – Хайр, Катюша, бутун хизматларинг учун раҳмат, – деди извошга ўтирар экан.

      – Яхши боринг, Дмитрий Иванович, – деди Катюша кўз ёшларини зўрға тутиб, ёқимли эркаловчи товуши билан ва даҳлизга қочиб кириб кетди. У ерда қиз бемалол, тўйиб-тўйиб йиғлаб олиши мумкин эди.

      ХIII

      Шундан кейин Нехлюдов Катюшани уч йил кўрмади. У офицерлик мансабига эндигина кўтарилиб, армияга кетар экан, йўл-йўлакай аммалариникига тушиб қизни кўрган маҳалда, уч йил муқаддам ёзни ўтказган вақтдагидан кўра бутунлай ўзгариб кетган эди.

      У вақтларда Нехлюдов ҳар қандай эзгу, яхши ишга жонини фидо қилишга тайёр бўлган виждонли йигит эди, – энди у фаҳш йўлига кирган, фақат ўз ҳузурини ўйлайдиган худбин бўлиб қолган эди. У вақтларда ёруғ олам унинг кўзига сирли бўлиб кўринар ва у завқ-шавққа тўлиб, севиниб шу сирни билишга интилар