ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров

Читать онлайн.
Название ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК
Автор произведения Комил Синдаров
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-20-780-6



Скачать книгу

Самиғ ўлдирган, деб ҳисоблайсизми? – деди гуруҳ раҳбари аёлга зимдан тикилиб.

      – Шу ўлгурдан бошқа кимам ўлдирарди… Арзимаган пулни деб бир одамни жувонмарг қилиш шартмиди?

      – Лекин биз терговчилар Самиғ қотил эмас, деган фикрга келиб турибмиз, бунга нима дейсиз?

      – Бу нима деганингиз? – деди аёл таажжубланиб. – Бекорга қамоққа олмагандирсизлар? Кимдир орага тушиб, дўппи тор келганда у киши оппоқ бўлиб қолдими?

      – Сиз бизни нотўғри тушуняпсиз, – деди гуруҳ раҳбари кулимсираб. – Тўғри, терговнинг бошида Самиғ гумондор сифатида қамоққа олинган. Лекин кейинчалик олиб борилган тергов ҳаракатлари унинг қотилликка алоқаси йўқлигини кўрсатмоқда. Самиғнинг ўзи ҳам Луқмонни ўлдирмаганини айтиб турибди.

      – Шу бетофиқнинг гапига ишониб ўтирибсизларми? Қилар ишни қилиб, энди ҳар нарсани валдирайверади-да!

      – Йўқ, биз унинг гапига ишонаётганмиз йўқ. Унинг айбдорлигини узил-кесил тасдиқловчи далил йўқ. Лекин кўнглингиз тўқ бўлсин, биз ҳақиқий қотилни топамиз. Бунинг учун вақт керак. Сизнинг ёрдамингиз ҳам.

      – Нима қилишим лозим? – аёл терговчига нажот кўзини тикди. – Эримнинг қотили жазосини олмаса, мен болаларимнинг кўзига қандай қарайман? Унинг руҳи мени тинч қўядими?

      – Эрингизнинг Самиғ билан оралари бузилишига нима сабаб бўлган, хабарингиз борми? – терговчи навбатдаги саволни берди.

      – Ўғлини ўқишга киритиш учун хўжайнимга қанчадир пул берган экан, у ҳам кимгадир олиб бориб берган-да, ўзи ректор эмас-ку! Ўша қуриб кетгурдан пулни қайтариб ололмай роса сарсон бўлди. Қўли билан бериб, оёғи билан чопди.

      – Пулни кимга берганди?

      – Мен қайдан билай? – аёлнинг манглайи тиришди. – Хўжайиним бунақа гапларни менга айтиб ўтирмасди. Самиғ бир неча марта уйга келиб, тўполон кўтарганда сезиб қолгандим.

      – Нима деб тўполон кўтарганди?

      – Энди жа-а унақа уришиб кетишмаганди… сўз талашиб, қаттиқ-қаттиқ гапиришгани ёдимда. Самиғ «Кўрсат ўша одамингни, ўзим гаплашаман», деб бақирганди. Хўжайиним эса «У катта одам, кўп ишим тушади, нима, сени деб орамиз бузилсинми, шошмай турсанг ўзим олиб бераман», деб зорланганди. Бир неча кундан сўнг тағин ўша гап… Эримга «Нима қиласиз бечорани қийнаб, ўзингиздан бўлсаям пулини бериб юборинг, кейин ўша одам пулни қайтарса, жойига қўйиб қўясиз. Шунча ғавғо сизга шарми?» десам, «Калланг ишлайдими, «катта» пулни қайтармаса нима қиламан, бировнинг ҳожатини чиқараман, деб ўзим «тушиб» қолайми?» дегандилар. Мен эса «Ҳой барака топгур, «катта»нгиз қайтармаса ҳам сиз ўртоғингизга пулни қайтаришга мажбурсиз, нима қиласиз камбағални шўрини қуритиб», деб тушунтиришга ҳаракат қилгандим. Қайда дейсиз, эрим билганидан қолмади… Мана оқибати!

      – Опа, тўғрисини айтинг, Самиғ эрингизни ўлдирганига ишонасизми?

      – Билмасам, олдин уни қамоққа олдинглар. Биз қотил шу экан, деб ўйладик-да! Энди уни қотил эмас деяпсизлар… Кимга ишонишни ҳам билмай қолдим. Ростини айтсам, Самиғ ака бўшанггина киши экан. Олдин уни танимасдим. Ўз пулини