Қўрқма. Жавлон Жовлиев

Читать онлайн.
Название Қўрқма
Автор произведения Жавлон Жовлиев
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-177-1



Скачать книгу

қасам ичдик жонимиз билан, Самарқандимиз билан!

      Саслар ила ҳайқирдик, тўлғандик, гўё тепамизда мук тушиб, Темур ва азиз Самарқанд бизни тингларди.

      Мадрасалар, мақбаралар, тимлар, уларни тутиб турган адоқсиз руҳу хоклар уйғонган, дарвеш шамоллар, қовжираган дарахтлар тўлғанган, ҳатто чорсуда жон сақлаётган мардумлар ҳам қасамёдимизни бирдек эшитгану, зумда ёд олиб, қулоқларимизга бақирганча такрорларди. Гўё биз эмас, Самарқанднинг тирикларию ўликлари, улуғу ботирлари, гуноҳкору гуноҳсиз подшоҳлари қасамёд қилар, бизнинг сўзларни такрорлар, бутун осмон онт ичилган каломга шаҳодат бергандек даҳшатли ҳайқирарди…

      Қуёш Самарқанддан тонди – қизарганча ботди-кетди. Фитрат домла ёшли кўзларимизга бир-бир қараб чиқди. Чин дилдан ичилган онт унга ғурур ва умид бериб, чеҳрасини бироз ёриштирган бўлса-да, кўзларидаги мунг ҳали аримаганди. Олдимизда Олмония, олисларга чўзилувчи айрилиқ йиллари турарди. Бизни не савдолар кутаётганини ҳеч ким билмайди. Бу оғир йўл азобини чуқур англаб турган устод барчамизни бирма-бир бағрига босди ва: “Худо ёр бўлсин!” – деб дуо қилди.

      Ичилган қасам ўқ каби кўксимизга қадалди, шаҳдимизни баланд қилди. Қайтаётиб қадамларим ўз-ўзидан тетиклашганини англаб турар, ортга қарашга эса қўрқардим. Худди қасамимни тинглаган улуғ Темур ва Самарқанд қўзғалиб ортимиздан келаётгандай. Хуфтон намозини Бухорога кетаётган пайтда, поездда ўқидик”.

      Мени талабаларнинг оёқ зарблари аллаларди, шу бўйи, минг кеча Самарқанд харобалари ичра қолиб кетдим.

*

      Сағирлик қурсин, ёлғизлик арисин.

      Ғалати бола бўлиб ўсдим.

      Севганим Лолага ҳам телба-тескари саволлар берардим.

      Балки, сўровлар ҳам меники эмасдир.

      Лола нозик тилинган этга ўхшаш кичкина оғзи, ўткир қалам билан чизилган ингичка лаблари билан сўроқларимга дадил-дадил жавоб берарди.

      – Тўйимиз бўлади, сўнг менга нечта туғиб берасан?

      – Ўнта.

      – Шунчалар кучлими ҳирсинг?

      – Шу билан сағирлигинг бадалини кўр дунёдан оламан!

      – Ҳали бирор марта туғруқ азобини тортмаганинг учун шундай катта кетаётгандирсан-а?!

      – Тўғри, ҳали туғишга улгурмадим. Аммо зиғирча қўрқув йўқ, шунча момолар ўлмаган-ку, мен ҳам ўлмайман!

      – Туғиш ўлиш билан тенг, деб эшитганман.

      – Мен сен учун ўн бир марта ўларканман-да!

      – Бу ҳаддан ташқари кўп. Фақат совет давридагина шунча фарзандга рухсат бериларди. Ҳозир тақиқлангани йўғу, ҳар ҳолда эҳтиёт бўлган яхши-да!

      – Балки унчаликмасдир, катта бўлсам, туғаман ва сендан суюнчи олишади.

      – Аёллар ҳар доим ваҳима қилади. Нима десалар ҳам, эркаклар ишонади ўзлари ҳеч қачон туға олмагани учун. Ҳа, менга битта ҳам етади. Қизми ё ўғил, фарқи йўқ! Фақат…

      – Нима фақат?

      – …

      – Гапирсанг-чи?

      – Ўлиб қолмасин! Ҳеч ким ўлдира олмасин, ҳатто ўзи ҳам!

      – Мен сенга шундайидан ўнта туғиб бераман. Ўлмайдиганидан…

      – Ростданми?