Название | Ҳаёт қайиғи (3 китоб) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-897-5 |
Хаёл чангалидан юлиб олинган Ҳикмат Ўролов чўчиб тушди-ю, аммо сир бой бермай алик олди-да, ўрнидан туриб Анварга қучоқ очди.
– Қўнғироқнинг чалинишидан сиз келганингизни билувдим. Сиз астагина, одоб билан чаласиз, – деди у Анварни бағрига босиб. – Хурсандман, меҳрибоним, хурсандман. Қани, ўтирсинлар. Ҳозир иттифоқо мавлоно Румийни ўқиётган эдим. “Найнома” хаёлимни ўғирлади. Ўқиб берай, эшитинг. Маликам, сиз ҳам тингланг.
– Мен ўзим ўқиб оларман.
– Дуруст. У ҳолда чойни шу ерда ичамиз. Икки олимнинг суҳбати китобхонада кечгани маъқул.
Уй бекаси изига қайтгач, Ҳикмат Ўролов муқовасига ямоқ тушган китобни варақлади. Анвар ёзув столидаги газитни кўрган, домланинг атайин гапни чалғитишга уринаётганини фаҳмлаб турарди.
– Сиз… ҳар ҳолда Мавлоно Румийни яхши биласиз, а?– деб сўради Ҳикмат Ўролов.
– Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад бинни Баҳоуддин Валад Балхий Румийнинг минг икки юз еттинчи йилда туғилгани, минг икки юз етмиш учинчи йилда вафот этиб, Қўня шаҳрига дафн этилганини биламан.
– Меҳрибоним, камтарлик албатта улуғ фазилат, аммо бу даражадагиси эмас, – деди Ҳикмат Ўролов маъюсгина жилмайиб. – Назмга муҳаббатингиз борлигини билмаганимда сўзларингизга инонар эдим. Тарихчи олим сифатида Мавлононинг ҳаётларига оид саналарни аниқ билишингиз табиий, аммо шоир сифатида “Маънавий маснавий”ни билмаслигингиз ишонарли ҳол эмас. Бу ҳақда баҳслашмайлиг-у Мавлонони ўқийлик:
Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.
Ким найистондин мени то кесдилар,
Ҳасратимдан мард-аёл дод этдилар.
Сийна истармен фироқдан поралар,
Шавқ дардидан десам афсоналар.
Кимсаким тарк айлади ўз наслини,
Қайта излар рўзғорин васлини.
Мен бу инсон қавмин оҳу зориман,
Ҳоли хуш ҳам ҳоли баднинг ёриман.
Шубҳадан ким бўлди менга ёрлар,
Ич-ичимдан изламас асрорлар…
Ҳикмат Ўролов ўқишдан тўхтаб, пешонасини силаб қўйди. Шунда Анвар бармоқларнинг енгил қалтираётганини кўрди. “Дардни яшириш қийин, – деб ўйлади Анвар. – Холидийнинг аҳмоқона гапларига эътибор бермай бўларканми? Домла дардини ичига ютишга уриняпти. Юрагида бу дардни ҳам сингдириш учун бўш жой бормикин? Домла нимага бундай қиляпти? Андишаданми? Андишанинг отини қўрқоқ дейишади-ку? Индамай қўйгани барча бўҳтонларга ризо эканини англатмайдими? Наҳот домла буни тушунмайди? Қачонгача индамай ўтираверади? Мана шунақа индамай қўя қолиш одати борлиги учун ҳам Холидий тап тортмай унга ташланган. Қани, Миролимга шундай қилиб кўрсин-чи?! Йў-ўқ, бу шаллақидан қўрқади. Сталин замонида Миролим зиёлиларни қуритишда роса хизмат қилган. Холидий унга салгина тегиб ўтса, ўзи балоларга қолади. Миролим лўли хотинлардай дод солиб, Холидийнинг айбларини очиб ташлашдан ҳам қайтмайди. Ҳикмат Ўролов эса индамайди… Индамай туриб енгмоқчи бўлади… Шуларни унга айтайинми?.. У менинг насиҳатимга муҳтожми? Майли, бировга чанг солмасин, аммо… ҳеч бўлмаса ўзини ҳимоя