Название | Тенг-тенги билан бахтлидир |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-4840-5-4 |
Ҳар қандай одамни паришон қиладиган иллатлардан бири – миннатдир. Айниқса, оила аъзоларига миннат қилиш ғоят ачинарли ҳолдир. Отанинг “Мен сени боқяпман”, “Мен сени ўқитяпман”, деб миннат қилишга сира-сира ҳақи йўқ. Чунки боқиш, кийинтириш, ўқитиш, уйлантириш… унинг бурчидир. Сир эмаски, оилаларда ота-ўғил орасида зиддиятлар бўлиб туради. Зиддиятнинг бошланишига айнан миннат сабабчидир. Баъзи оталар фарзандига очиқчасига дағдаға қилади. Баъзилар ўзлари билмаган ҳолда фарзандлари кўнглини яралаб қўядилар. Масалан, тўйдан кейин келган меҳмонингизга: “Мана, ўғилни ҳам уйлантириб қўйдим, бу ёғига аравасини ўзи тортаверади”, дедингиз. Бир қарашда бу гапда миннат йўқ. Лекин гапингизни эшитиб турган ўғлингизга “Уйлантириб қўйдим” деганингиз малол келади. Бунинг ўрнига: “Яна бир оталик бурчини бажардим, Худога шукр. Олдин бир ўғлим хизматимни қиларди, энди келиним ҳам унинг ёнига қўшилди”, деганингиз яхши эмасми?
“Қўли очиқликнинг офати миннатдир”.
Шарафли ҳадиснинг “Арбаин”даги баёни бундай:
Ҳар кишига риояте қилсанг,
Миннат ўткармагил гумонингға.
Негаким, ул карамға офат эрур,
Юкла миннат ва лек жонингға.
(Агар бировга бирор яхшилик қиладиган бўлсанг, миннатни хаёлингга ҳам келтирма, чунки у кишига офатдир. Бироқ миннатни ўз жонингга юкла, яъни Аллоҳ сенга шу неъматларни бериб, уни сарфлашга муваффақ қилганини ўзингга эслат.)
Миннат қилувчиларга ибрат бўлиш учун бир ҳикмат:
Ёмғир шаррос қуйиб юборган онда бир одам дўстининг дўконига кириб, шамсиясини омонатга олди. Эртасигаёқ омонатини қайтариб, миннатдорчилигини билдирди. Орадан неча кундир ўтиб, кўчада учрашиб қолганда дўкондор ундан:
– Ўша куни шамсиямни бермаганимда аҳволинг нима бўларди? – деб сўради.
– Нима бўларди, ёмғирда шалоббо бўлиб бўкардим-да, – деди дўст.
Шамсия берган одамнинг феъли ёмон, қилган зиғирдек яхшилигини ҳам тўқмоқ қилиб бошга урадиганлардан эди. Орадан анча кунлар ўтгач, улар яна учрашиб қолдилар.
– Агар ўшанда шамсия бермаганимда ёмғирдан қандай беркинардинг? – деди миннатчи.
Бу ҳол яна ва яна такрорланаверди. У бечора одам шамсия сўраб олганига минг бора пушаймон бўлди. Бир куни улар ҳовуз бўйида учрашиб қолдилар. Яна ўша таъна такрорланди:
– Менга қара, ўша куни шамсия бермаганимда, ҳолинг нима бўларди?
Пушаймон бўлган дўст бу саволга жавоб қайтармай, ўзини ҳовузга ташлади. Сувдан шалоббо бўлиб чиққач, деди:
– Мана бундай бўлардим! Аҳволим бундан баттар бўлмасди! Сен ўзи қандай бадфеъл одамсан?! Инсон дўстига яхшилик қилмайдими? Озгина яхшилигини миннат