Название | Тушда кечган умрлар |
---|---|
Автор произведения | Уткир Хошимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Яна шиғиллатиб супуришга тушди. Биқинида оғриқ кучайганига парво қилмади. Бибиблаб нон машина келди. Ичкаридан дўкончи чиқди. Машинанинг орқа кажавасини очишди. Туман тарқамади-ю, кун бир қадар ёришгандек бўлди. Бир маҳал орқа томондан йўғон овоз келди:
– Супуряпсанми?
Қурбоной хола овоз эгасини таниди: Комиссар. «Ўйнаяпман!» – деб ўйлади энсаси қотиб. Ҳар куни «супуряпсанми», деб сўрайди. Ишдан тўхтаб, бурилиб қаради. Салом берди. Комиссар беш-олти қадам нарида турар, бошида қора шляпа, эгнида қора плаш, қўлида сут бидон бор эди.
– Невараларинг омонми? – деди Комиссар ёшига ярашмаган ўктам товушда.
– Худога шукр, юришибди. Юмалаб-сумалаб.
– Ўзинг аҳмоқсан! – деди Комиссар зарда билан – Неча марта айтдим: куёвингни судга бер! Моягини бир бураса, қизингга дом олиб беради. Ё участкасининг ярмини кесиб беради. «Бир камим қизимнинг кундош билан бир ҳовлида туриши қолувди, болаларини ўкситиб», – деб ўйлади Қурбоной хола дили оғриб.
– Майли, – деди секин – Худога солдим. Комиссар кулди. Кулиши ғалати. Худди одамни майна қилгандек «хэххэх-хэх», дейди.
– Худонинг сендан бошқа иши йўқ! Фалончи бандамнинг арзи ҳолини эшитаман, деб кўзи учиб турибди. «Э-э! Тезроқ даф бўлсанг-чи! Сен билан гаплашиб юракни қон қилгандан кўра…»
Қурбоной хола атай гапни бошқа ёққа бурди:
– Сутга кетяпсизми?
– Бориб келдим. Бугун сут келмас экан. Дўкон кеча байрамда ишлагани учун бугун одих қипти.
Қурбоной хола супургисини чангаллаб, ишни давом эттирмоқчи эди, Комиссар маъноли йўталиб қўйди. Чамаси яна гаплашгиси бор эди.
– Эрталаб каша пишириб емасам, меъдам оғрийди.
– Кексалик-да! – деди Қурбоной хола.
– Мени қари деяпсанми, хэх! – Қурбоной хола жавоб бермади. Шахт билан супуришни давом эттираётган эди, қулоғига яна Комиссарнинг овози кирди:
– Анави ким? Қурбоной хола Комиссар қўлини бигиз қилиб кўрсатган томонга қаради. Уй ертўласининг зинасида бир одам ғужанак бўлиб ётарди.
– Қаёқдан билай? – деди Қурбоной хола бепарволик билан – Анави ёқдан келганлардан биттасидир-да. Биласиз-ку, қиш келса қаланғи-қасанғилар кўпаяди. Кеча байрам қилиб бўкиб ичган бўлса…
– Йўқ, унақага ўхшамайди. – Комиссар шахдам қадамлар билан ўша томон юрди. – Ётиши бежо-ку!
Курбоной холанинг кўнглига мубҳам хавотир тушди. Супургисини судраб Комиссарга эргашди.
– Ҳой, кимсан? – Комиссар энгашиб, елкасига туртган эди, гавда қимирламади. Қурбоной хола яқин бориб гавда устига эгилди-ю, даҳшат ичида ўзини орқага