Русчани унча-мунча биларкан. Буни қарангки, гапдан-гап чиқиб, гурунглашиб қолишибди.
Русчани биладиган бояги немис уруш жонига текканини, уйини, учта боласини соғинганини айтибди. Қозоқ ҳам саккизта боласи борлигини, колхозда «молши» бўлиб ишлашини айтибди.
Бондаренко онасини соғиниб кетганини гапирибди. Кейин улар у ёққа – булар бу ёққа кетаверишибди.
– Улар-де кетди. Биз-де кетдиқ! Жахси немис экан, шорт возми! – деди қозоқ илжайиб.
– Қачон қочиб ўтадиган бўлдинг немис томонга? Солдат сийрак киприкларини пирпиратди.
– Не дейсин?
– Қачон қочмоқчисан, аблаҳ?
– Мен қошмаймин, жўлдас нашайник! Соат сапчиб ўрнидан турди.
– Бондаренкони ҳибсга олинглар. Тез! Буниси ёш бўлса ҳам қув экан. Командирнинг буйруғини бажариб, икки пақир музлаган картошка кавлаб келдик, ҳеч қанақа немисни кўрганимиз йўқ, бу бобой туш кўряпти, деб туриб олди.
– Ротадан яна неча кишини қочишга кўндирдиларинг? Қачон асирга тушмоқчисанлар? – деди Соат қистовга олиб.
Бондаренко «Ўламан саттор немисни кўрганимиз йўқ», дейди. Содда қозоқ бўлса нуқул бир гапни такрорлайди:
– Биз-де атпадиқ, немис-де атпади. Атпаса жағсиғўй!.. Соат батальонни сафга тиздирди.
Трибунал ҳукмини ўқиб эшиттирди: «Аскарларни фашист томонга қочиб ўтишга даъват қилгани учун…»
…Урушда орттирган тажрибаси кейин ҳам қўл келди. Кўп марта қўл келди… Баъзилар орган деганда нуқул жазо берувчи ташкилотни тушунади. Унақа эмас! Орган жамиятни ётунсурлардан ҳимоя қилади. Шундай экан, унинг қўлигина эмас, «қулоғи» ҳам яхши ишлаши шарт. Ҳар қандай ташкилотда, ҳатто ямоқчининг дўконида ҳам «қулоқ» бўлса зиён қилмайди.
Тўғри-да! Вақти-вақти билан «тозалаш» ўтказиб турмаса эплаб бўладими бу турфа жамиятни!
Урушдан кейинги «тозалаш» ҳам бежиз қилингани йўқ. Айниқса, олифта интеллигентлар ҳаддидан ошиб кетди. Газета-журналларда совет жамиятини масхара қиладиган нарсалар пайдо бўла бошлади. Мактаб ўқитувчисидан тортиб олимгача – ҳаммаси «доно!» Ҳаммаси – «даҳо!» Хэх!
Аниқ эсида бор. Қирқ олтинчи йил эди. Тошкентда Навоий театри қурилаётган кезлар… Тепақўрғондаги етти йиллик мактабдан сигнал тушди. Математика ўқитувчиси Ҳакимов катта танаффусда оғзидан бол томиб японларни мақтабди. Эмишки, Ҳакимов Пиёнбозорга олма сотгани борган. Қараса, қурилиш кетаётган жойда, симтўсиқ ортида оёғига ёғоч кавуш кийган япон асири мўлтираб турганмиш. Ҳакимов гўё асирга раҳми келган. Тўрт-бешта олмани симтўсиқдан узатган. Гўё асир рус тилини билармиш. «Мен сизнинг молингизни текинга ололмайман, сиз уни етиштириш учун меҳнат қилгансиз»,