Название | Қуёш ботаётган пайт |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-96-1 |
Тайинланганининг биринчи ҳафтаси ниҳояга етганди ўшанда. Баҳор охирлаётган пайт. Ҳаво форам. У от миниб, аввал қишлоқ юқорисидаги буғдойзорларни, бедазорларни, изензорларни, зиғир, маккажўхори экилган майдонларни айланди. Май адоғида бедазорни маст қилувчи анвойи ҳид тутиб, беданаларнинг “бид-билиқ”и янграб ётади. Беданалар бу экиннинг нимасига қизиқишаркан? Гулигами?
Нурқобил от жиловини қўйиб, Ҳаётбоши чўққиси этаклари сари интилар экан, озуқа экинларини кўпайтириш, бунинг учун тоғ оралиғидаги серҳосил, хушҳаво жойлар ҳисобидан бедазорларни, пастдаги изензорларни янада кенгайтириш, дашт жойларда зиғир, кунжут, нўхату мош, ерёнғоқ эктириш ҳақида фикр юритди. Шу хил экин кўпайса, одамлар учун ҳам, жониворлар учун ҳам тўйимли неъмат мўл бўлади. Чорва боқаман, гўштни кўпайтираман, одамларнинг рўзғорига барака киритаман, деган одам туну кун озуқани ўйлаши керак. Шундай қилмаса бўлмайди.
У даралар қўйнига тобора ичкарироқ кириб борар экан, бу ерларнинг ҳавоси, суви минг дардга даво эканини ўйлади. Арчазору ёнғоқзорларни кўпайтириш, бодом ва пистанинг серҳосил навларини экиш керак. Келгусида шу ердан чўпонлар учун бир оромгоҳ қуриш масаласини кўтаришни мўлжаллади. Ана юқорироқда шифобахш Шўрчашма бор. Бу чашманинг сувида шифобаш минераллар бўлиши мумкин. Ахир, ҳеч ким текшириб кўрмаган-ку. Юқорироқда – даралар қўйнида қадимий боғлар қулф уриб ётибди. Олмазорлар, ўрикзорлар, ёнғоқзорлар. Нурқобил болалик пайтида ёзги лагерга келганди бу ерларга. Ўша боғлар тўласинча ўрмон хўжалигига бериб юборилгани чакки бўлган. Ўрмон хўжалиги тайёр боғларни эгаллаши керак эмас. Янги боғлар, дарахтзорлар барпо қилиши лозим-ку.
Ие, анови, қўриқхона билан совхоз чегарасидаги, сайхонликдаги экинзорлар қаёқдан пайдо бўлди? Нурқобил кўзларига ишонмади. Чашмалардан оқувчи жилға соҳили бўйлаб, камар ичкарисига бир неча чақирим чўзилган тўрт-беш гектарча ерга пайкал-пайкал қилиб сабзи, пиёз, помидор, бодринг, кўкат, резавор ва яна алланималар экилибди.