Название | Гладиолус |
---|---|
Автор произведения | Маматқул Хазратқулов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
– Парво қилманг, Темир ака, бултургидан ярим соат олдин бажарибсиз. Келаси йил яна бир ғайрат қилсангиз, тўртинчидан, албатга, ўтиб кетасиз.
Бригадир бу гапларни эшитмади. Ҳозиргина раиснинг хонасига қушдай учиб кирган Темир ака ўрнидан зўрға турди, судралиб хонадан чиқди. Бригадирнинг бу қадар шалвираб қолганини кўрган котиб йигитнинг кайфи учди.
– Ҳа, Темир ака! Сизга нима бўлди? Тинчликми?
Темир ака қайрилиб ҳам қарамади. Оғир қадамлар билан ташқарига чиқди. Гулзор четига қўйилган ўриндиққа бориб ўтирди-да, икки кафти билан чаккаларини қаттиқ сиқди: “Э, Худо! Нима деган гап бу?! Камбағалнинг ови юрмас, ови юрсаям дови юрмас, деб шуни айтса керак-да. Қанча ҳаракат қилдик… Энди одамлар олдига қайси юз билан бораман? Уят-ку!” Машина тормози чинқириғидан Темир ака сергак тортди. Ёнида биров тургандай хижолат бўлиб, бошини кўтарди. Атрофга аланглади: хайрият, ҳеч ким йўқ экан. “Катта кўчада шекилли машина, – ўйлади Темир ака. – Нима дейман одамларга? – Бригадирнинг кўз ўнгидан йўлини сабрсизлик билан пойлаб ўтирган колхозчилар бирма-бир ўтди. – Яна тўртинчи ўтиб кетипти, дейманми?!
Шу пайт Темир аканинг миясига бир нарса урилгандай бўлди. Хаёлини йиғиштириб, ўзини қўлга олди: “Шошма, шошма. Нимага энди бултурам, бу йилам ҳаммадан олдин тўртинчи бажаради? Бу йилги пахтаси-ку, маълум: кални сочидай бўп ётипти. Қандай қилиб яна биринчи бўлиб олди? Раисдан нега шуни сўрамадим, рапорт қоғозини талаб қилмадим?! Индамасанг бир чеккага суриб қўяверишади-да. Ҳозир бориб аниқлайман”.
Темир ака шаҳд билан идорага қайтиб, раис хонаси томон йўналди. Котиб йигит унинг важоҳатини кўриб ҳайрон қолди: “Нима бало, тинчликми ўзи? Темир ака куйиб-пишиб у ёқдан-бу ёққа югуриб юрипти. Оғир одамнинг жаҳли чиқиши қийин. Борди-ю, жини қўзиса, охири ёмон бўлади, дейишади. Бу кишига нима бўлди? Бир ғалвани бошламаса гўрга эди…” Котиб шу хаёллар билан Темир аканинг йўлини тўсди:
– Темир ака, бироз сабр қилинг. Раис бува бандлар. Телефонда райком билан гаплашяптилар.
Темир ака котиб йигитга хўмрайди-да, уни четлаб ўтмоқчи бўлди. Котиб энди унинг қўлидан ушлаб олди:
– Темир ака, эшитяпсизми, раис бува…
– Э, раис бувангниям, сениям?.. – Темир ака шундай деб қўлини силтаб тортганди, котиб йигит мункиб кетди. Бригадир шартта эшикни очиб, ичкарига кирди. Раиснинг телефонда гаплашаётгани рост экан. Темир ака шахдам юриб, унинг олдига борди, тикка турганча гаплашиб бўлишини кутди. Раис ўқрайиб бригадирга қаради-ю, гапини тугата қолди:
– Бўпти, кейин ўзим қўнғироқ қиламан, – трубкани қўйиб, Темир акага юзланди. – Ҳа, Темир ака, яна нима гап?
– Рапортни беринг.
Раис ҳайрон бўлиб елка қисди:
– Рапортни? Қайтариб олдингиз шекилли?!
– Мадиёрди рапортини айтяпман. Қани, менам бир кўрай-чи.
Раис зўрма-зўраки илжайди.
– Ҳа, бундай денг… Нима қиласиз уни?
Темир ака ҳамон жаҳлидан тушмаган, қовоқлари