Название | Амир Алишер |
---|---|
Автор произведения | Шуҳрат Сирожиддинов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-3836-3-8 |
Алишернинг Самарқанддаги ҳаёти ҳақида
«Равзат ус-сафо»да келтирилишича, ҳижрий 869 (мил.1464-1465) йил Аҳмад Ҳожибек Абу Саъид Мирзо фармони билан шаҳзода Султон Аҳмад Мирзонинг оталиғи сифатида Самарқандга йўл олади85. У бунгача Ҳирот ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган эди. Алишер Ҳиротда яшаб юрганида Аҳмад Ҳожибек уни ўзига яқин тутган. Чунки у ҳам яхшигина шоир бўлиб Вафоий тахаллуси билан ижод этарди. Навоий у ҳақида “Мажолис ул-нафоис”да ёзади: “… Вафоий тахаллус қилур. Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур. Хуросонда тарбият топди. Ҳирот дор ус салтанатида ўн йилға яқин ҳукумат қилди. Самарқанд маҳфузасида ҳам муддате ҳоким эрди…”86
Шу воқеадан 1-2 йил ўтиб Алишерни ҳам Самарқандда кўрамиз. Алишернинг яқин дўсти Шайхим бек Суҳайлий ҳам Самарқандда. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да Навоий тилидан айтишича, Шайхим Суҳайлий Султон Аҳмад Мирзо номига қасида ёзганда уни Алишер таҳрир қилиб берган экан87. Балки Алишер Самарқандга дўсти Шайхим билан бирга келгандир? Чунки тарихдан биламизки, ҳукмдор ҳузурига биринчи бор борилганда шоирлар энг яхши совға сифатида қасида ёзиб борганлар.
Аҳмад Ҳожибек каби қалам ва мулк соҳибининг Самарқандда бўлиши ёш шоир учун айни муддао бўлган бўлиши мумкин. Бу унга шеър қадрига етувчи инсон ҳомийлиги остида умр кечиришга умид уйғотган бўлса не ажаб.
Бундан ташқари ўша даврларда Самарқанд нақшбандия тариқати маркази бўлиб, Мовароуннаҳрнинг забардаст пири комили Хўжа Аҳрор атрофида минглаб муридлар йиғилган эди. Шу нуқтаи назардан Самарқанд сўфийлари билан танишиш, устози Сайид Ҳасан Ардашерга ёзганидек, пири комил хизматига кириш, кейинги ҳаётини нақшбандия тариқати билан билан боғлаш истагида ёниб турган ёш илм истовчи учун бу сафар қулай имконият эди. Абдураззоқ Самарқандий маълумотига қараганда, Алишер Самарқандда Хўжа Аҳрор суҳбатида бўлган. Аммо негадир унга мурид тушмаган. Алишер ўз қарорини ўзгартириб, Фазлуллоҳ Абу Лайсий мадрасасига ўқишга киради
85
Равзат ус-сафо, 290.
86
Ўша асар, 402.
87
Макорим, 119.