Название | Қазои Қадар |
---|---|
Автор произведения | Аббос Саид |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
‒ Биласизларми нега у кампир бизнинг масжидимиз иши учун жон куйдириб юрибди? ‒ деб сўради, улардан жавобни кутиб ҳам ўтирмай ўзи сўзамоллашди: ‒ Норбобо ака икковимиз уйига чиққанимиздан хабаринглар бор, йўлнинг нариги тарафидаги тўққиз қаватли уйда яшаркан, тўртинчи қаватда. Уёқ-буёқдан гаплашган бўлиб, бир пайт ўзи ёрилиб қолди ‒ нимадир бўлиб иккала кўзи кўрмай қолганмиш-да! Қизи билан бир қанча дўхтирларга боришганмиш, кўрсатмаган жойлари қолмабди, ҳатто Московгача бориб келишибди ҳамки, ҳеч бир натижа чиқмабди. Охири ўзимизнинг ТошМИми, СанПИми ‒ шуни англолмадим, шу икковидан бирида Бузруков деган катта кўз дўхтири бор экан-да, ишқилиб! Ана шу одам жонига оро кириб икки кўзининг каналларини очибдимишми-ее, хуллас, кўрадиган қилиб тузатиб юборибди-да! Бузруклар аждодидан бўлса керак-да, қизи билан яна бир кўрсатгани боришганида ўша дўхтирнинг намоз ўқиётганига кўзлари тушиб қолганмиш. Бу художўй дўхтирнинг таърифини келтиряптики энди, Норбобо ака икковимиз еттинчи осмонда учиб юрибмиз унинг гапларидан… “Албатта масжидингизнинг ҳужжатлари учун менам қўлимдан келган ёрдамимни аямайман! Менинг кўзларим бу ёруғ оламни кўришига сизларга ўхшаган мусулмон одам шунчалар жонини куйдирса-да, нега энди мен қўл қовуштириб ўтиришим, масжидга ёрдамимни бермаслигим керак экан? Албатта сизлар билан энг юқори идораларгача бирга чиқамиз, вассалом!”, деб бизнинг кўнглимизни кўтариб юборди. У биздан миннатдор, биз эса, Норбобо акангиз икковимиз ундан миннатдор бўлиб уйидан қайтиб чиқдик-да, ўша куни!
Абдурасул отанинг мана бу сўзлари Сафохон ва Тошмуродга ижобий таъсир этиб, ҳар иккисининг юрагида бир рус аёлига нисбатан илиқ, ёруғ ҳис-туйғуларни қўзғатиб юборди. Сафохондан аввал Тошмурод унга хайриҳоҳ эканини маълум қилиб, ўша атрофдагилардан эшитгани бир воқеани айтишга ошиқди:
‒ Бу аёлни, бу ўрис кампирни бало дейишади! Домининг ремонтини қилиб бермагани учун туман ҳокиминиям обориб опкелган дейишади! Мана шу Чаманзор тумани ҳокимини! Сал қолган экан ишдан кетказиб юборишига ‒ менга бу гапни ўша маҳаллада яшайдиган қора Равшан бор-ку, ўзимизнинг масжидга келиб намоз ўқиб кетиб юрадиган, ана шу айтиб берганди!
‒ Норбобо акадан менам эшитиб эдим, юқорига чиққанмиш, энг юқори идорага, ‒ ортидан қўшимча қилди Сафохон. ‒ Бир ҳисобдан ёнимизда ана шу Людмила Ильиничнага ўхшаган бошқа дин вакиласи бўлгани яхши, ишимиз осон кўчадими дейман-да!
‒ Ишқилиб, охиригача туриб берсин-да!