Название | Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-457-1 |
“Вақт ўтган сайин йўқотганларингизнинг алами каттариб, ўзингизни йўқолиб бораётганингизни ҳис қилиб яшар экансиз, – деган эдилар Рауф Парфи. – Ҳамма йиллар, ҳамма ойлар, ҳамма соатлар айрилиқлардан иборатдек туюлади мен учун. Хаёлимда изтироблар сира камаймади, аксинча, ортиб боради. Чорасиз сайёрамиз инсон фарёдини кўтариб айланаверди, айланаверди…”
Ўрни келганда дўстларим ҳақида яна сўз айтаман. Ўшанда ўлим билан ҳаёт орлағидаги қилкўприк устида ётганимда уларнинг сўнгги нафаслари ҳақида ўйладим.
Дарвоқе… сўнгги сўз… сўнгги нафас…
Шу ҳолатни ҳеч ўйлаймизми? Билмаймиз… билолмаймиз… Ҳозиргина тилимиздан учган сўз сўнггиси бўлиши эҳтимол… Эндиги чиқарган нафасимиз охиргисидир балки? Киши бу оламни тарк этгач, яқинлари унинг сўнгги ҳаракатларини, сўнгги гапларини эслашади ва ундан ҳикмат излашади. Ажойиб болалар ёзувчиси, кўп йиллик қадрдон акамиз Сафар Барноевнинг касал бўлиб ётганларини эслолмайман. Шу киши олтмиш уч ёшларида кеннойимизга: “Малика, ўлиш шунақа осонми?” – дебдилару, жон таслим қилибдилар. Бу ҳол каминани кўп ўйга солган эди. Улуғларнинг сўнгги сўзларини эслагандим: англиялик шоир лорд Байрон ўлими олдидан қоғоз ва қалам сўраган экан. Аммо қалам тутишга ҳоли бўлмай: “Тамом, энди жуда кеч”, – деб кўз юмган экан. Шоиримиз Шавкат Раҳмон ҳам қўлига қалам тута олмай, 1996 йилнинг 9 август куни сўнгги сатрларни айтиб турган экан:
Ғазабланма дейдилар,
Асабланма, дейдилар?
Диққат бўлма дейдилар
майда-чуйда гаплардан.
Гўёки бу дунёда қолмагандай
бедиллар.
Суқрот ҳаким: “Ўлим руҳнинг танадан ажралиши ва танадан айриҳолда яшаши, мавжуд бўлишидир, шундай экан, мен ўлимдан қўрқ-майман”, – деб яшаган. Сўнгги сўзи эса… “Аскулепиосга бир хўрознинг баҳосича қарзимиз бор эди, эсингдан чиқмасин, Критон”, – деб васият қилган экан. Салмон Форсийнинг сўнгги сўзлари насиҳат тарзида бўлган экан: “Нимаики қилсанг, Аллоҳ розилиги учун қил ва буни сира унутма!”. Сўфий Ҳалложни “Анал ҳақ!” ақидаси учун қийнаб ўлдирганлар. Олдин панжалари, қўллари кесилган, кўзлари ўйилган. Навбат тилни кесишга келганида деган эканларки: “Аллоҳим, сенинг розилигинг учун менга ушбу уқубатларни раво кўрганлардан раҳматингни аяма. Сенинг муҳаббатингга эришиш йўлида мени қўлларимдан, оёқларимдан жудо қилган бу қулларингни афв эт. Кечир, Аллоҳим, уларни кечир! Муҳаббатинг ҳурмати кечир…”
Сўнгги нафас… сўнгги сўз…
Ишқ аҳлининг ўлим билан учрашуви ҳам ўзига хосдир. Мавлоно Жалолиддин