Название | Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-457-1 |
Дадажоним ҳамиша врач назоратида бўлишни, доимий равишда дори ичиб юришни ёқтирардилар. Қайси врач кўп дори ёзиб берса, дадажонимнинг назарларида ўша “энг яхши дўхтир” мартабасида юрарди. Мен: “Дадажон, ошқозонингиз дорихонанинг омборига айланиб кетди-я!” – деб ҳазиллашардим (Бекорга шундай ҳазил қилган эканман, ҳозир ўзим ҳам шунақаман). Бир куни Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникасига олиб бордим. Оиламизга қарайдиган врач йўқ экан, бош врачнинг ўзи қабул қилди. Кўриб бўлгач, мени ташқарига имлаб чақирди:
– Нега олиб келдингиз, соппа-соғлар-ку?
– Айтганларида олиб келмасам, ранжир эдилар. Дорихонадан топиладиган оддийроқ бирон дори ёзиб бера қолинг.
Врач хонасига қайтиб, “Оддийроқ нимани ёзиб берсам экан?” деб ўйланди шекилли, столи устидаги китобни варақлади. Китобга қараб туриб дори номини ёзиб берди. Қайтишда дадажоним: “Бу дўхтиринг бўлмади, ўзимизнинг Собиржон яхши эди”, – дедилар.
– Бу одам фан номзоди, сизга нимаси ёқмади? – дедим ажабланиб.
– Фан номзоди бўлса ҳам, ҳеч нима билмас экан, рецептни китобга қараб ёзди. Собиржоннинг унвони бўлмаса ҳам тажрибаси зўр эди.
“Собиржон” деганлари амбулатория врачи эди. Дадажоним негадир шу кишига ихлос қўйган эдилар. Лекин камина бу фикрда эмас эдим.
1973 йили май ойи эди шекилли, эрталаб уйқудан уйғониб турмоқчи бўлдиму бошим айланиб йиқилиб тушдим. “Ўзбекона одат”га кўра, “ўтиб кетар”, деб икки кун ётдим. Ўзгариш бўлмади. Бошимни қимирлатишим билан еру осмон чирпирак бўлиб қўшилиб кетгандай бўлаверди. Оқибатда Собиржон акамизни чақиртирдик. Барча врачлар каби биринчи галда қон босимимни ўлчадилар. Кейин мижжаларимни қайриб кўрдилар… Хуллас, бирон хасталикни аниқлашга асос топилмади шекилли, ўйланиб қолдилар. Мен китоб жавони ёнида ётган эдим. Териб қўйилган китобларга қараб туриб:
– Шу книгаларнинг ҳаммасини ўқиганмисиз? – деб сўрадилар.
– Баъзиларини охиригача ўқиб чиққанман, айримлари билан қисман танишман, – дедим.
“Яхши”, деб чиқиб кетдилар. Бир оздан кейин аҳли аёлим кириб менга маъюс қараб, бирон сўз айтмай чиқиб кетди. Кейин аяжоним кириб тикилиб ўтирдилар, бошимни силадилар. Хуллас, кейин маълум бўлдики, дадажоним ихлос қўйган врач: “Кўп китоб ўқийверганидан ўғлингизнинг мияси айниб қолганга ўхшайди, психиатрга олиб боринглар”, – дебди. Ажабки, унинг гапига амал қилиб, психиатрга ҳам олиб боришди. Ботир акам билагимдан ушлаб олганлар, бошим айланиб кетмаслиги