Название | Катта хонадон 2 |
---|---|
Автор произведения | Салом Муҳаммад |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-5990-8-6 |
Онаси бирор нимага қарор қилганидан сўнг қайтариб бўлмаслигини Нуриддин яхши билади. Укаларининг ҳам аҳволини тушуниб, лабларини қимтиганча тебранди.
– Отамдан ташвиш тортдилар. Биз тез-тез келиб, отамдан хабар олишимизга қаноат қилмадилар. Охири бу ёққа келтириб қўйишга мажбур бўлдик.
– Отам соғломдай-ку? – Нуриддин таажжубланди. Ҳатто январ ойида ўзи ҳам келиб-кетганини, отаси ҳеч нимадан ташвиш тортмаганини эслади.
– Онам қаёқдан ҳам бир туш кўрганлар. Ўша туш эс-ҳушларини ўғирлаган, – деди ирим-сиримларга, тушларга унча ишонмайдиган Сайфиддин. – Чолларини йўқотиб қўйишдан қўрққанлар.
– Қанақа туш экан? – сесканиб сўради Нуриддин. Шу дамда Ҳилоланинг тушини ҳам, ўзи кўрган рўёни ҳам эслаб, негадир ажабланди. Айни шу маҳал “Тез ёрдам” машинаси рўпарада, кўприк ёнида тўхтади. Ҳаммалари ўша томон юрдилар.
– Нажоткорим, дўстим, укам… – Нуриддин қалдираган товушда, қучоқларини ёйган кўйи Носир дўхтирни қарши олди. – Анча эрта безовта қилдим.
Оппоқ халатга бурканган, бошида ҳам оқ қалпоқ, дўмбоқ оқ юзли, тик қоматли Носиржон гапни кўпайтириб ўтирмади, тезда олдинга тушиб, тўрдаги уй сари юраркан:
– Барибир келардим, ака, – деди. – Аҳволлари қандай?
– Ўзгариш йўқ, ўшандайича, қимирламай ётибдилар, – жавоб қайтарди Баҳриддин ва уй эшигини очиб, шифокорни ичкари бошлади. Роҳила билан Ҳилола ўринларидан туриб, унга йўл беришди. Носир ҳамон томчилаб турган дорига – осма уколга бир назар ташладию беморни гапиртиришга уринди, қовоқларини кўтариб, кўз қорачиқларига қаради. Аммо унинг уринишлари таъсирсиз кетди. Шундан сўнг шифокор беморнинг оёқлари тагини қитиқлади, билакларини қўлида тутиб, игна учини баданда секин юргизди. Буларнинг ҳаммасига ҳам Шамсия буви бепарво: юзлари сал учгандай бўлдию жавоб қайтармади. Носиржон билан бирга келган ҳамшира янги дорилардан қўшма уколлар ўтказди. Шунда ҳам ўзгариш сезилмади.
– Носиржон, тўғрисини айтинг, бу ўзи қанақа касаллик? – деб сўради Нуриддин овозини пастлатиб, тушкун оҳангда. – Бундай вазиятда нима қилиш зарур?
– Бош миядаги томирлардан бири узилиб, мияга қон қуйилган. Миянинг қон ҳамда кислород билан таъминланиши бузилган, қон йўли тўсилган.
– Инсульт дегани шу эмасми, ишқилиб?
Шифокор бош силкитиб, маъқуллади, сўнг изоҳлади:
– Ҳм, шундай… Бу – жуда оғир дард… – негадир гапининг давомини айтмоқчи эмасга ўхшарди у.
– Эшитганларимга кўра, – иккиланган каби фикрини айтди Нуриддин, – қон босими жуда баланд беморларда рўй беради бунақа ҳолат. Онамда қон босими ҳамиша паст юрарди.
– Пастлигиям яхши эмас, ака, тана, аъзолар шунга мослашади. Босим сал кўтарилиши билан вужуд – организм қийин аҳволга тушади, гоҳида чидай олмайди. Холамда босим кескин кўтарилган. Бунақа босимни у кишида