Название | Танланган асарлар: Қиссалар |
---|---|
Автор произведения | Чингиз Айтматов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-6609-8-4 |
У столдан йўлланмани олди.
«Демак, бормайдиган бўлдимми? – дея ўйладим мен. – Энди Асални ҳам ҳеч қачон кўрмайманми?» Баттарроқ қийнала бошладим. Негадир тезда ўз ҳукмимдан қайтдим-да, яна уёққа боришга аҳд қилдим. Агар шундай қилмасам, кейин умр бўйи афсусланиб юришим менга аён бўлди. «Майли, нима бўлса бўлсин, аммо бораман!..»
– Майли, буёққа бер! – деб йўлланмани тортиб олдим.
Туйнукчадан мўралаб турган Жонтой пиқиллаб кулиб юборди-да:
– Овулдаги бувимга салом айтиб қўй! – деди.
Мен ҳеч нарса демадим. Тумшуғига боплаб туширсанг! Эшикни тарақлатиб ёпдим-да, ётоққа кетдим.
Эртаси йўлда кетаётиб чор тарафга назар ташлаб, кўзларим тўрт бўлди. Қани у? Қани энди, унинг сарвноз қомати кўрина қолса. Қизил дуррачали сарвқоматим! Эҳтимол, резина этик, отасининг камзулини кийиб олган дерсиз! Бекор гап! Мен унинг қанақа эканлигини ўз кўзим билан кўрганман! Унинг нимаси мени ром этди, қалбимни нега бунчалик ўртаяпти?
Теварак-атрофга назар ташлаб бормоқдаман. Йўқ, ҳеч қаерда кўринмайди. Бу сафар эмас, турган-битгани азоб бўлди. Қани у, уни қандай топсам экан? Овулга етдим, сўнгра қишлоқ кўчаси бўйлаб ҳайдадим, унинг ҳовлисига яқинлашарканман, машинани секинлатиб, охири тўхтадим. Эҳтимол, у уйидадир? Қандай чақираман, унга нима дейман? У билан яна учрашиш менга насиб этмас экан-да. Юкни олиб бориб ташлаш учун машинага газ бердим. Юкни туширишяпти-ю, кўнглимда ҳамон умид учқунлари ёнмоқда. Балки қайтишда учратиб қоларман? Бироқ қайтишда ҳам учратмадим. Шундан кейин машинани ферма томон бурдим. Уларнинг кўҳна фермаси анчагина чеккада, овулдан узоқда экан. У ерга етиб келиб, бир қиздан сўрадим. У, Асал йўқ, бугун ишга чиқмади, деди. «Демак, йўлда мен билан учрашмаслик учун атайин ишга чиқмаган», – деб ўйладим-да, жуда хафа бўлиб кетдим. Автобазага ғамгин бўлиб қайтдим.
Иккинчи куни яна йўлга чиқдим. Аммо энди уни учратишни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Дарвоқе, менинг унга нима керагим бор? Агар қиз унаштирилган бўлса, уни безовта қилишдан нима фойда? Аммо негадир бундай бўлишига сира ишонгим келмасди. Ахир овулларимизда ҳанузгача қиз билан йигитни бир-бирига кўрсатмай, орқаворотдан фотиҳа қилиб юбораверадилар-ку! Бу ҳақда неча марта газеталарда ҳам ўқидим. Бироқ ёзган билан фойдаси қанча? Тўйдан кейин ноғора чалишнинг фойдаси йўқ, фотиҳани бузиб бўлмайди. Унаштирилгандан кейин гап тамом. Фотиҳани бузиш – хайрли иш эмас, икки ёшнинг турмуши бузилди, деган гап… Мана шундай ўй-хаёллар миямда чувалашиб кетганди…
Ўша кезлар айни баҳор чоғи эди. Тоғ этакларида лолалар товланарди. Болалигимданоқ мен бу чўғдек қип-қизил гулларни севардим, ялангоёқ чопқиллаб юриб қучоқ-қучоқ лола терсангу унга келтириб берсанг! Аммо қани энди у, топиб кўр-чи…
Бир маҳал, қарасам, Асал. Кўзларимга ишонгим келмайди! Ўтган гал машинам тиқилиб қолган жойнинг нақ ўзгинасида бир четда, харсанг тош устида ўтирибди. Бировни кутиб ўтирганга ўхшайди. У чўчиб ўрнидан турди ва саросимага тушиб, бошидан дуррасини юлқиб олди-ю, қўлида ғижимлай бошлади. Асал бу сафар чиройли кўйлак ва туфли кийиб олган