Название | Танланган асарлар: Қиссалар |
---|---|
Автор произведения | Чингиз Айтматов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-6609-8-4 |
– Чакки эмас! Чиройли экансан-ку! – дея унинг бошидан оёғигача назар ташлаб чиқар эканман, илжайиб қўйдим. У ҳақиқатан ҳам гўзал эди.
– Шу оёқларингга туфличалар бўлсами! – деб ҳазиллашдим ўрнимдан турарканман.
Қиз тўсатдан шартта бурилди-да, орқасига қайрилиб ҳам қарамай, жадаллаганча кета бошлади.
Нима бўлди унга? Хафа бўлдими? Ҳазил-мутойиба қилиб ўтиришнинг вақти эмас! Эс-ҳушимни йиғиб олдим, ортидан югуриб етиб олмоқчи бўлдим, кейин яна орқага қайтиб, асбобларни тезда йиғиштириб олдиму кабинага ирғиб чиқдим ва машинани гоҳ олдинга, гоҳ орқага зарб билан ҳайдаб тебрата бошладим. Фақат биргина нарсани – унга етиб олишни ўйлардим, холос. Мотор эса зўр бериб тириллар, машина силкинар эди. Бироқ у жойидан бир қадам ҳам силжимасди. Қиз бўлса борган сари узоқлашиб борарди. Мен лойга ботиб, турган жойида дириллаб айланиб ётган ғилдиракларнинг остига қараб:
– Қўйиб юбор! Қўйиб юбор деяпман! Эшитяпсанми? – деб бақирардим, кимга қичқираётганимни ўзим ҳам билмай.
Жонимнинг борича акселераторни сиқдим. Машина ўкириб секин-аста олға силжий бошлади ва қандайдир бир мўъжиза билан ботқоқдан отилиб чиқди. Ўзимда йўқ қувониб кетдим! Машинани йўлга чиқариб, рўмолча билан юзимдаги лойни артдим ва сочларимни силаб тартибга солдим. Қизга ёнма-ён келгач, машинага тормоз бердим, бунчалик журъат қаердан пайдо бўлди менда, ўзим ҳам билмайман, ўриндиқда ўтирган еримда ёнбошлаганча абжирлик билан кабина эшигини шартта очдим-да:
– Марҳамат! – деб эҳтиром билан қўл узатдим.
Қиз тўхтамади. «Ана холос!» – дея бошимни қаший бошладим. Бояги жасорат ва эҳтиромдан асар ҳам қолмаганди. Мен унга яна етиб олдим. Бу гал узр сўраб, илтимос қила бошладим:
– Хафа бўлманг. Мен, ахир, шунчаки… Ўтиринг.
Аммо қиз лом-мим демади.
Шунда мен уни қувиб ўтиб, машинамни йўлга кўндаланг қилиб қўйдим-да, кабинадан сакраб тушиб, ўнг томонга югуриб ўтдим, эшикни очиб, уни ушлаб туравердим. У, оббо, мунча ёпишиб олди бу тентак, дегандек ҳадиксираб менга яқинлашди. Мен ҳеч нарса демадим, нима ҳам қила олардим. Бош эгиб кутиб туравердим. Менга раҳми келдими ёки шунчакими, ҳайтовур, бир бош чайқаб қўйди-да, индамай кабинага чиқиб ўтирди.
Биз йўлга тушдик.
Мен индамай ўтирардим, қандай гап бошлашни ўйлардим. Қизлар билан биринчи марта учрашаётганим йўқ, шундай бўлса ҳам ҳозир у билан гаплашишга юрагим дов бермай турарди. Нега шундай-а? Рул чамбарагини айлантирар эканман, унга зимдан қараб қўярдим.
Қоп-қора нозик ва майин сочлари қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб бўйнига тушиб турарди. Камзули эса елкасидан сирғалиб тушиб кетди, уни тирсаги билан тутиб турарди, ўзи бўлса менга тегиб кетишдан қўрқиб, нарироқ сурилиб ўтирди. Қарашлари жиддий бўлса ҳам, умуман, қиёфасидан меҳрибонлик ва самимийлик сезилиб